«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мероси дунёни лол қолдирмоқда: Мусофирнинг таъсирли ҳикояси
Инсон мусофирчиликда юрган кезларида ўз юртига хос бирор азиз нарсани кўрса, кўнгли тоғдек кўтарилади. Бугун сизларга 2018 йилда содир бўлган, қалбимда ўчмас из қолдирган бир воқеани сўзлаб бермоқчиман.
Ўша йили иш юзасидан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига бордим. Шаҳар марказидаги исломий китоблар дўконига кирганимда, кўзларим ҳайратдан порлаб кетди. Дўконнинг энг баланд ва энг кўзга кўринадиган жавонларида (полкаларида) бизнинг азиз Шайхимиз — Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китоблари турарди!
Китоблар шу қадар чиройли ва сифатли ишланган эдики, улар узоқдан ялтираб, дўконга файз бериб турарди. Диққатимни тортган яна бир жиҳат — бу асарларнинг нархи бўлди. Шайх ҳазратларининг китоблари дўкондаги энг қимматбаҳо ва қадрли асарлар қаторидан жой олган эди.
Машааллоҳ! Ўша лаҳзада юрагим фахрга тўлди. Ўзбек олимининг илми нафақат юртимизда, балки дунёнинг мана шундай йирик маданият марказларида ҳам энг юқори чўққига қўйилганини кўриш таърифлаб бўлмас бахт эди.
Бу воқеа менга бир нарсани англатди: ҳақиқий илм ва тақво чегара билмайди. Санкт-Петербургнинг манаман деган китоб дўконларида ҳам бизнинг уламоларимизнинг асарлари эъзозланиши — бу нафақат Шайх ҳазратларига, балки бутун ўзбек халқига бўлган ҳурмат белгисидир.
