Туркиянинг Ҳатай вилояти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи Андижон вилоятидан бошланди

Туркиянинг Ҳатай вилояти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи Андижон вилоятидан бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 январ куни Туркияга расмий ташрифи доирасида Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг очилиш маросимида Ҳатай аҳолиси вакилларини Наврўз байрамида Ўзбекистонга 5 кунлик сафарга таклиф этиб, Андижон-Самарқанд-Бухоро-Хива йўналиши бўйлаб саёҳат ташкил этиш таклифи билдирилган.

Жорий йилнинг 20 март куни Туркиянинг Ҳатай вилояти ва тумани ҳокимлари бошчилигидаги жами 170 нафарга яқин кишидан иборат делегация Андижон халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Таджиев ҳамда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари И.Исманов томонидан карнай-сурнай садолари остида миллий куй ва рақслар билан тантанали равишда кутиб олинди.

Ташриф дастури доирасида меҳмонлар Андижон шаҳрида ҳудуднинг маданияти, тарихи ва урф-одатлари билан яқиндан танишиш мақсадида “Боғи Бобур” маданият ва истироҳат боғи ва “Регистон” майдонига ташрифлари режалаштирилган.

Шундан сўнг, меҳмонлар мароқли дам олиши учун “Бобур шаҳрига ташриф” Наврўз байрами муносабати билан ташкил этилган байрам сайлига ташриф уюштирилади.

Дастур якунида Андижон вилояти ҳокимлиги номидан расмий қабул ва унинг доирасида миллий куй-қўшиқлар билан бойитилган маданий концерт дастури ташкил этилади.

Мазкур ташриф дастури “Ўзбекистон 24” ва “Андижон” вилояти телеканаллари томонидан кенг тарғиб этилмоқда.

Ташриф доирасида Туркиянинг Ҳатай вилояти делегацияси, шунингдек, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларига ташриф буюрадилар.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: