НEГА ЁҚТИРАМИЗ? КЕЛИШМАЙМИЗ? УНУТАМИЗ?

НEГА ЁҚТИРАМИЗ? КЕЛИШМАЙМИЗ? УНУТАМИЗ?

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳазрати Алига шундай дедилар:

— Эй Абул Ҳасан, анчадан бери сендан бир гапни сўрашнинг имкони бўлмаяпти. Баъзан сени тополмаймиз, гоҳида эса сен бу ерда бўлганингда биз бошқа жойда бўламиз. Мени ўйлантириб юрган учта савол бор, шуларни сендан сўрамоқчиман.

— Қандай саволлар экан? — сўради ҳазрати Али.

— Биринчиси: баъзан бир одам бошқа бир кишини ундан ҳеч қандай яхшилик кўрмаган бўлса-да, яхши кўриб қолади. Баъзилар эса бировга ундан бирор ёмонлик кўрмаган бўлса ҳам, қалбида адоват сақлайди. Бунинг сабаби нима?

— Руҳлар осмонда гуруҳ-гуруҳ бўлиб тўпланган аскарларга ўхшайди, — дея жавоб бера бошлади ҳазрати Али. — У ерда бир-бири билан танишиб, дўстлашган руҳлар бу дунёда ҳам бир-бирини топишади ва ўзаро тил топишадилар. У ерда бир-бирини танимай, бегона бўлганлар эса бу ерда ҳам келиша олмайдилар.

— Бу биринчи саволимнинг жавоби эди. Энди иккинчисини эшит: киши кўрган тушларнинг бир қисми тўғри чиқади, бир қисмининг эса ҳақиқатга ҳеч қандай алоқаси йўқдек. Нега шундай бўлади?

— Сарвари коинот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитган эдим: «Эркакми, аёлми — ҳар бир банда уйқуга кетганида унинг руҳи Аршга қадар кўтарилади. Аршга етиб боргунча уйғонмаган руҳларнинг кўрган тушлари содиқ (тўғри) бўлади. Аршга етиб бормасдан уйғониб қолган руҳларнинг тушлари эса ёлғончи (беқарор) тушлардир».

— Иккинчи саволимга ҳам жавоб топдим. Энди учинчисини айтай: гоҳида киши бирор нарсани тушунтирмоқчи бўлади-ю, ўша заҳоти уни унутиб қўяди. Орадан озроқ вақт ўтгач эса, яна эсига тушади. Бунинг боиси нимада?

— Ҳар бир инсон ақлида ойнинг юзини тўсган хира булут парчаси каби бир «булут» бор. Ой нур сочиб турганида бир парча булут келиб унинг юзини тўсгани ва кўп ўтмай яна очилгани каби, киши гапираётганида тўсатдан ўша «булут» келиб ақлини ўраб олади. Шунда инсон айтмоқчи бўлган гапини унутиб қўяди. «Булут» тарқалиши билан эса уни қайта эслайди.

— Мана шу уч нарса доим зеҳнимни хира қилиб юрарди. Аллоҳга шукрлар бўлсин, энди кўнглим тинчланди, — дедилар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу».

         Умидахон

Дўстларингизга ҳам юборинг: