Уни фақат араблар, ўзбеклар ёки чеченларнинг Худоси деб ўйлардим!..

Уни фақат араблар, ўзбеклар ёки чеченларнинг Худоси деб ўйлардим!..

Исломни қабул қилган ғарблик аёл ҳикояси

«Эрим билан бир маросимда мусулмонлар даврасида бўлиб қолдик. Бир оз вақт ўтгач, бизга ўтин оловида пиширилган мазали палов ва чой тортишди. Бу учрашувда самимий биродарлик ва юксак инсонийлик муҳити ҳукмрон эди. У ерда мени ҳеч ким камситмади, аксинча, сўзга чиқишимга имкон беришди. Ўшанда айтган нутқимни ҳалигача яхши эслайман. Тахминан шундай дегандим:

— Қуръондан бирорта сурани билмайман, уни ҳеч қачон ўқимаганман ва ҳатто кўрмаганман. Лекин бу улуғ Китобни севаман ва уни албатта ўқиб чиқаман.

Ҳа, ҳайрон бўлманг, айнан шундай дегандим. Чунки ўша кунгача калта юбка кийиб юрардим; Ислом, намоз, Қуръон ва ҳижоб нима эканлигидан бехабар эдим. Ҳатто Аллоҳни танимасдим, Уни фақат араблар, ўзбеклар ёки чеченларнинг Худоси деб ўйлардим. Менга Уни ҳеч қандай алоқаси йўқдек эди.

Масжидлардан ҳам жуда қўрқардим. У ерга яқинлашсам, мени таҳқирлашади ёки калтаклаб, зинадан улоқтириб юборишади, деб тасаввур қилардим…

Аммо ўша куни мен кимлигимни билиб туриб, мени танқид қилмай, камситмай ёки ҳақоратламай қабул қилган бу инсонларга нисбатан қалбимда чексиз муҳаббат пайдо бўлганини ҳис қилдим. Вужудимга барча мавжудотларга нисбатан севги ва инсонийлик илиқлиги кириб келди. Агар ўша пайтда кимдир менга нисбатан қўполлик қилганида, жирканиб қараганида ёки ҳолатимни тафтиш қилганида эди, эҳтимол, мусулмонлардан бутунлай юз ўгирган бўлардим…

Бироқ ўша куни Аллоҳнинг инояти билан менга жуда яхши, сезгир, эътиборли ва меҳрибон мусулмонлар рўпара бўлди».

Робия Умму Маҳдий (Мутаржим: Салим Айюбий)

Дўстларингизга ҳам юборинг: