Фавқулодда вазиятларда аҳолини огоҳлантириш учун масжид минораларидан фойдаланиш йўлга қўйилди
БМТ Тараққиёт дастури Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда аҳолини фавқулодда вазиятлардан эрта огоҳлантириш тизимини кенгайтиришга қаратилган инновацион техник ечимни жорий этди.
Бу ҳақда БМТТД матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, лойиҳа доирасида аҳоли пунктларига яқин жойлашган масжидларга махсус ускуналар ўрнатилмоқда. Бу орқали ФВВнинг тезкор хабарлари масжидларнинг ташқи овоз кучайтиргичлари орқали узатилиб, кенг жамоатчиликка тез ва самарали етказилади.
Ҳозирга қадар Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги 272 та масжидда ушбу ускуналар ўрнатилди.
Мутахассислар таъкидлашича, масжидлар аҳоли орасида катта нуфузга эга бўлган ижтимоий институт ҳисобланади. Шунингдек, улар деярли барча ҳудудларда мавжуд бўлиб, 500 метрдан 2 километргача эшитилиш имконини берадиган кучли овоз кучайтиргичлар билан жиҳозланган.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур тизим орқали тахминан 6,5 миллион нафар аҳолини, жумладан, аёллар, болалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қамраб олиш мумкин.
Яна бир муҳим жиҳати — бу тизим мобил алоқа ёки электр таъминотида узилишлар юз берган ҳолатларда ҳам ишлай олади.
Мутахассислар фикрича, иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфи ортиб бораётган шароитда аҳолини эрта огоҳлантириш инсон ҳаётини сақлаб қолиш ва иқтисодий йўқотишларни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Яшил иқлим жамғармаси кўмагида аҳолини огоҳлантириш мақсадида асосий автомобиль йўллари ва гавжум жойларда 28 та ташқи кенг форматли экран ҳам ўрнатилган.
