Швецияда ғалати қотиллик рўй берди. Отиб ўлдирилган футболчи бор, гумонланувчилар йўқ?!
Швециянинг Эребро шаҳрида тўртинчи дивизион вакили — “Форвард” клуби дарвозабони Ҳьюго Мосшаген отишма натижасида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Aftonbladet нашри хабар бермоқда. Мудҳиш воқеа 21 март куни кечқурун шаҳарнинг ғарбий қисмидаги автотураргоҳлардан бирида содир бўлган. Маҳаллий полиция соат 23:26 да чақирув олган ва воқеа жойида оғир яраланган 20 ёшли йигитни топган. Шифокорларнинг уринишларига қарамай, футболчи вафот этган.
Футболчининг отаси Йоаким Гуннарссон Expressen нашрига берган интервьюсида ўғлининг ўлими мутлақо маъносиз ва тушунарсиз эканини таъкидлади.
“Ҳьюгонинг энг катта орзуси профессионал футболчи бўлиш эди, у бутун вақтини шунга бағишлаганди. Бу йил унинг йили бўлиши керак эди. Бир сония ғазабланасан, кейинги сонияда эса фарзандингдан шундай бемаъни ва мантиқсиз тарзда айрилганингдан чексиз қайғуга ботасан”, дейди марҳумнинг отаси.
Ҳозирча ушбу жиноят бўйича гумонланувчилар йўқ. Тергов натижасида Мосшагеннинг жиноий гуруҳларга ҳеч қандай алоқаси бўлмагани аниқланди. Шу сабабли полиция “адашиб отиш”, яъни Ҳьюго тасодиф қурбони бўлганлигини айтмоқда. Тахминларга кўра, жиноятчиларнинг асл нишони футболчининг атрофидаги бошқа шахс бўлган бўлиши мумкин.
Ҳужум пайтида Мосшаген камида бир нафар таниши билан бирга бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан қотиллик ва қурол тўғрисидаги қонунни бузиш моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
