Эркаклар ичади, аёллар уларнинг ичикиликларига тайёргарлик кўришади!.. Мана шундай яшаяпмиз!..
Мактабда ишлайман. Асосан аёллар жамоаси. Эркаклар 15 % чиқар, балким. Эри ичкиликка берилиб кетиб ажрашганлар 3-4 тача. Ярмидан кўпининг эри тайинли ишламайди. Аёлининг қўлига қараб қолган. Ичкилик бор ҳаммасида. Ва бирорта аёл ўқитувчи йўқки ортиқча пул билан ёки ҳеч бўлмаганда ойлигини ўзи хоҳлаган нарсасига деярли сарфлай олмайди. Ёш келинларимиз пули (картада) камида эрида, асосан қайноналарида ёки қайноталарида. Рўзғори 15 йилдан ошган ва ёши катта ўқитувчилар эса кредит тўлаш билан билан овора. Ўтган йили бир устозим номимда кредит йўқлигини билиб, роса илтимос қилди номингга олайлик, қизимга кир машина олиб бермоқчи эдим, ёш бола билан ҳам ишлаб, ҳам уй иши қийин-да, деб.
Ман ҳайронман эри ўйламасмикан. Маҳалламда ҳам аҳвол жуда ҳавас қиларли эмас. 1-2 та хонадонни айтмаса қолганларда аёлларнинг ўрни йўқ ҳисоб. Деярли 10 йилдан буён энг кўп эшитган гапим — сизлар келинсизлар, сизларга бўлади. Қишлоқда яшаганим учун кўп кўраман: аёллар баҳорда далада чопиқ, ёзда сабзавот терган, кузда пахта терган, таниган эркакларимнинг кўпи ичади. Қишлогим котта, кичкина қишлоқча эмас. Аҳоли 10 мингдан ошиқ. Бу биздаги аёлланинг аҳволи, Аллоҳ инсоф берсин ҳаммамизга.
Энди айтингчи кимга осон, кимга қийин. Эркаклари маишатдан бўшамаган, аёли эплаб устига кийим ололмаган, ишда болаларидан кўзи қийиб, тушликка ҳам тайинли пул сарфлолмаган аёллагами? Ота-онаси уйингга меҳмонга бораман деса, қайнона-қайнота қандай кутволишини уйлаб мўлтираган келинлагами? Ишонасизми, эрига машина олиб бериб, ўзи эски оёқ кийимда келадиган ўқитувчиларимиз ҳам бор. Ўзига керакли нарса оломай ўз эҳтиёжини охирги ўринга қўйган устоз аёлларимиз бор.
Янги келин бўлиб келганимда ёмон кўрардим бу жойни халқи жуда қўпол, ҳар нарсани ўзига қаттиқ олади деб. Кейин улар билан яшаб, асл ҳақиқатни тушундим. Агар эрлар эр бўлганда эди, балким, жуда чиройли тарбияли аёллар бўларди биз томонлада ҳам. Балким, бордир, мен билмасман.
