Ўлишни истамайман. Қўрқяпман… Ўлгим келмаяпти!

Ўлишни истамайман. Қўрқяпман… Ўлгим келмаяпти!

«Бир жойда аянчли автоҳалокат содир бўлган эди. Қарасам, тез ёрдам машинаси атрофида кўплаб одамлар тўпланиб турибди. Енгил машина ичидан тахминан 25–26 ёшлардаги йигитни чиқариб олишди. У қонга беланиб ётар, танаси эзилиб кетган, оёғи эса танасидан узилиб кетай деган ҳолатда эди. У чинқирар, титраб-қақшаб қичқирарди.

Бир пайт у акасига қараб деди: — Ўлишни истамайман… Муҳаммад ака! Муҳаммад, мен намоз ўқимасдим-ку! Валлоҳи, ўлишни истамайман. Қўрқяпман… Ўлгим келмаяпти! Ногирон бўлиб қолсам ҳам майли, шол бўлиб, бир умр юролмайдиган бўлсам ҳам розиман. Ҳали намоз ўқийман… Ногиронликка ҳам, шолликка ҳам — ҳаммасига розиман, фақат ўлишни истамайман!

Одамлар анча тўпланиб қолган, мен ҳам ўша оломон орасида эдим. Даҳшатли манзарани кўриб, ниҳоятда қўрқиб турардим. Буни кузатиш ҳақиқатан ҳам осон эмасди…

Йигитдан тинмай қон оқар, тўхтатишнинг иложи йўқ эди. То қони тугаб, оқмай қолгунча шундай давом этди… Унинг ранги тобора кўкариб, гезариб борарди. Ёнидаги акаси эса ёлвориб: — Укажон, шаҳодат калимасини айтгин, айта қолгин, илтимос, калима келтир! — дея тинмай ялинарди.

Йигит эса фақат чинқирар, ўзини йўқотиб қўйган, таърифлаб бўлмас аҳволда эди. Калима келтириш у ёқда турсин, ҳатто бирор тушунарли сўз айтишга ҳам мадори қолмаганди…

Бир маҳал у сокин тортиб, жим бўлиб қолди. Ҳаракатдан тўхтади. Ҳа, у вафот этганди. Шифокорлар танасини махсус кароватга жойлаб, юзини ёпиб қўйишди. Сўнг атрофдагиларга таъзия изҳор қилиб: — Қўлимиздан ҳеч нарса келмади. Кўп қон йўқотгани ва танасидаги кўплаб синиқлар туфайли уни қутқариб қолишнинг иложи бўлмади, — дея ғамгин ҳолда ҳамдардлик билдиришди.

Ўшанда мен биринчи марта одамнинг вафот этаётганини ўз кўзларим билан кўргандим. У ҳатто калимаи шаҳодатни ҳам айтолмади…

Ўлим кутилмаганда келади. Фарз ва вожиб амалларимизни қазога қолдирмаслигимиз, асло бепарво бўлмаслигимиз лозим. Гапнинг очиғи шу: қачон ўлишимизни ҳеч биримиз билмаймиз. Ўша куни мен асло мижжа қоқмадим, умуман ухлай олмадим. Гўё ёш боладек ҳўнграб йиғлаб чиқдим…

Аслида ҳақиқатни билардиму, лекин мана бу сўзлар қулоғим остидан асло кетмасди: «Валлоҳи (Аллоҳга қасам), намоз ўқийман. Ўлмайин, албатта ўқийман. Ваъда бераман! Фақат ўлгим келмаяпти…»

Бу ўринда менинг фикримга ҳожат йўқ. Аммо сиз азизлардан биттагина нарсани илтимос қиламан: ҳар куни гўёки охирги кунингизни яшаётгандек ихлосли ва тақводор банда бўлишни мақсад қилинг. Ана шунда ибодатларингиз қазога қолмайди ва уларни хушуъ билан адо этасиз, иншааллоҳ!»

Дўстларингизга ҳам юборинг: