«Ишонувчан одамман десангиз, картангизни бирорта ҳам мобил иловага юкламанг» — Марказий банк вакили
Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев ишонувчан одамларга пластик карталарини бирорта ҳам мобил иловага уламасликни тавсия қилди. У йирик харидларни нақдсизлаштиришда киберхавфсизлик масаласига тўхталиб, шахсий маълумотлар берилмаса, картадаги пулларни ҳеч ким ололмаслигини таъкидлади.
Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев катта миқдордаги пулни картада сақлашдан хавфсираган, ишонувчан одамларга пластик карталарини бирорта ҳам мобил иловага уламасликни тавсия қилди.
27 март куни МБ томонидан «Ўзбекистонда нақд пул айланмасининг қисқариши ва рақамли хизматларнинг ривожланиши» мавзусида ташкил этилган медиа-мулоқотда «Йирик харидларни нақдсизлаштиришда киберхавфсизлик масалалари ҳисобга олинганми?» деган саволга жавоб берар экан, у шахсий маълумотлар берилмаса, картадаги пулларни ҳеч ким ололмаслигини таъкидлади.
«Шахсий пластик карточкангиз ўзингизники. Худди паспортингиз эгаси [сиз] бўлганингиздек, паспортингизни ҳеч кимга ҳеч қачон бериб қўймаганингиздек, пластик карточкангиз тўғрисидаги маълумотларни, амалиёт бажариш жараёнида келган тасдиқловчи OTP-кодлар ёки идентификациядан ўтиш жараёнидаги [маълумотларни], ўзингизнинг шахсий маълумотларингизни қандайдир фирибгар фуқароларга бермасангиз, ҳеч ким, ҳеч қачон сизнинг картангиздан пул ололмайди», — деди у.
Нодирбек Сайдуллаев ҳозирги кунда ҳар бир тижорат банки ўз мобил иловаларида анти-фрауд тизимларини жорий қилганини қўшимча қилди. Шунингдек, ташқи манбалардан қабул қилинган нотаниш APK файллари, яъни зарарлантирувчи дастурларни очмаслик кераклигини эслатди.
«Билмайман, айтиш ўринлими, йўқми. Агар „йўқ, мен шунчалик ишонувчан одамман“, десангиз, унда картани бирорта мобил иловага юкламанг. Фақат нақд кўринишида ёки терминаллардан тўлаб юраверасиз, — деди Сайдуллаев. — Сизга тегишли бўлган карта маълумотларини ҳеч кимга бермасангиз, тўлов ташкилотларимиз ва банкларимизнинг мобил иловаларидан бегона одам ўзидан-ўзи кириб картангиздан пул олиб кетиб қололмайди».
Иқтисодиёт ва молия вазири Ахадбек Хайдаров эса молиявий фирибгарликка учрамаслик учун асосий маблағ ва кундалик харажатлар учун кичик миқдордаги маблағларни алоҳида карталарда сақлашни тавсия қилди.
«Иккита карта очасиз. Кунлик харажатларга 5−6 сўм оддий картага ташлайсиз, ўша мобил иловада туради. Лекин асосий пул сақлайдиган картангизни мобил иловаларга уламайсиз, фақат SMS хабарнома хизматини улаб қўясиз, бўлди. [Оддий] картадаги пул тугаса, ташлаб олаверасиз», — деди у.
Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев нақдсиз тўловнинг қулайлигига эътибор қаратиб, катта миқдордаги пулни картада сақлаш осонроқ ва хавфсизроқ эканини таъкидлади. Шунингдек, у йирик харидлар, масалан, фуқаро уй-жой сотиб олиш учун картада сақлаган пулни ўғирлатиб қўйган тақдирда, пулни фуқарога ким қайтариши ёки бу борада қандай чоралар кўрилиши тўғрисидаги саволга жавоб берди.
«600 миллионлаб пул бўлиши мумкин, деб айтилди картада, тўғрими? 600 миллион нақд пулни сақлаш осонми ё 600 миллион картадагини сақлаш осонми? Қайсини ўғирлатиш осонроқ? Картадаги хавфсизроқ-да барибир. 600 миллион пулингизни йўқотиб қўйсангиз — нақд пулингизни, ким жавоб беради? Марказий банкми? Сиз йўқотиб қўйгансиз 600 миллионни. Худди шундай, пластик картадаги пулга ҳам худди шунақа тартибда [амал қилади]», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк ва транспорт воситалари билан боғлиқ битимлар фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Қиймати 25 млн сўмдан юқори бўлган товарлар ва хизматлар, бензин сотиб олиш ва бошқалар учун тўловлар ҳам нақд пулсиз шаклга ўтказилади.
