Эронда 12 ёшли ўсмирлар ҳам урушга жалб этилмоқда

Эронда 12 ёшли ўсмирлар ҳам урушга жалб этилмоқда

Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) расмий вакили Раҳим Надали давлат телевидениеси орқали чиқиш қилиб, «Эрон учун» сафарбарлик кампанияси доирасида кўнгиллиларнинг минимал ёши 12 ёшгача туширилганини эълон қилди. Бу дунё бўйлаб катта шов-шув ва эътирозларга сабаб бўлди.

Маълумотларга кўра, ўсмирлар нафақат кўчаларни патрул қилишга, балки блокпостларда ишлаш ва «Басиж» кучлари учун тезкор маълумотлар йиғишга жалб қилинмоқда. Теҳрон аҳолиси кўчаларда фуқаролик кийимида бўлган, аммо қўлида автоматик қурол тутган болаларни кўришганини тасдиқлашмоқда.

Гувоҳларнинг айтишича, ушбу қуролланган ўсмирлар автомобилларни тўхтатиб, тинтув ўтказмоқда. Ҳатто баъзи ҳолларда патрул вақтида огоҳлантирувчи ўқлар узилгани ҳақида хабарлар бор. ИИПК қўмондонлиги буни «ташқи босимга қарши туришни истаган ёш кўнгиллиларнинг кўплиги» билан изоҳламоқда.

Халқаро конвенцияларга кўра, болаларни ҳарбий ҳаракатларга жалб қилиш ҳарбий жиноят ҳисобланади. Аммо Эрон ҳукумати жорий уруш шароитида бу қарорни «ватанпарварлик» деб атамоқда. Экспертларнинг фикрича, бу Теҳроннинг жонли куч масаласида жиддий муаммоларга дуч келаётгани ёки руҳий босим ўтказишга уринаётганини англатади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: