Германия ва яна учта давлат Исроилдаги ўлим жазоси ҳақидаги қонундан «чуқур хавотирда»

Германия ва яна учта давлат Исроилдаги ўлим жазоси ҳақидаги қонундан «чуқур хавотирда»

Германия, Франция, Италия ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирларининг қўшма баёнотида Исроил Жиноят кодексига киритилиши муҳокама қилинаётган, ўлим жазосини қўллаш имкониятларини кенгайтирувчи тузатишлар юзасидан «чуқур хавотир» билдирилди. Улар Исроилни ушбу янгиликлардан воз кечишга чақирдилар. Мазкур ўзгартиришлар яқин кунларда Кнессетда овозга қўйилиши мумкин.

«Бизни, айниқса, ушбу қонун лойиҳасининг де-факто камситувчи характери хавотирга солмоқда. Унинг қабул қилиниши Исроилнинг демократия тамойилларини ҳурмат қилишга бўлган содиқлигини шубҳа остига қўяди. Ўлим жазоси – бу ҳеч қандай тўхтатувчи кучга эга бўлмаган, инсонийликка зид ва камситувчи жазо туридир. Ўлим жазосидан воз кечиш – бизни бирлаштирувчи фундаментал қадриятдир», – дея таъкидланади баёнотда.

Исроилда терроризм учун ўлим жазосини жорий этишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ўта ўнгчи «Яҳудий кучи» партияси вакили Лимор Сон Хар-Мелех томонидан илгари сурилган. 2025 йил ноябр ойида у Кнессет томонидан биринчи ўқишда қўллаб-қувватланди. Жиноят кодексига тегишли тузатишлар исроилликни ўлдирган фаластинликка ўлим жазосини тайинлаш имконини беради, аммо фаластинликни ўлдирган исроилликка эмас, деб ёзган эди ўшанда AFP агентлиги.

Исроил қонунчилиги муайян жиноятлар учун ўлим жазосини қўллаш имкониятига рухсат беради, бироқ охирги марта ўлим ҳукми 1962 йилда ижро этилган. Ўшанда Қуддус суди қарори билан нацист жиноятчиси, европалик яҳудийларни ўлим лагерларига депортация қилишнинг асосий ташкилотчиларидан бири Адолф Эйхман осиб ўлдирилган эди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: