Мен биринчи марта телевизорда кўрган Карим Баҳриев…
Карим ака ҳақида лонгрид
Лентам Карим Баҳриев суратларига ва хотира постларга тўлди. Мен ҳам нимадир демасам бўлмайди. Тарих бўлиб қолсин.
Бу ҳикоя ўзининг тоғдек дардига қўшиб элнинг дардини ҳам кўтара олган инсон ҳақида
80-йиллар охири, ошкоралик авжида Мен ҳаётни энди англаётган ўсмир. ТВ ва радио, газеталар шу пайтгача мен эшитмаган янги, ўткир гапларни айтади ва бола онгимни уйғотади (ўйлайманки, бизнинг авлод биздан аввалги авлоддан эртароқ уйғондик, айнан ошкоралик туфайли).
Бир куни Карим Баҳриев деган журналист телевизорга чиқиб “Нимага бизда ҳатто буюкларимизнинг ҳайкаллари ҳам ерга қараб маҳзун ё тобе қиёфада тасвирланган? Пушкин, Горкийлар бошини тик тутиб осмонга қараб турибди, бизда ҳатто юлдузлар илми даҳоси Улуғбек ҳайкалининг боши хам. Ҳайкалларимизга ҳам мутелик руҳи атай сингдирилган” деди.
12 яшар эдим, жуда таъсирландим, ҳамма ҳайкалларни шу нуқтаи назардан баҳолашни бошладим, кейин суратларни, кейин адабиётдаги, кинодаги образларни… ва сездимки, менда миллий ғурур уйғоняпти.
Карим ака шундай: кўп инсонларнинг онги ўзгаришига туртки бўлган инфлюенсер эди. Унинг “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” китобини бугун журналистлар бекорга кўп тилга олишмаяпти.
Карим Баҳриевни 2003 йили ҳаетда кўрдим. Журналистик материаллар танловида совриндор бўлдим, Карим Баҳриев Ҳайъат раиси эди. Ғолибларни тақдирлаш маросимида яқинига боришга иймандим. Танаффусда устоз Хуршид Дўстмуҳаммад билан гаплашиб турсак, ўзлари келиб қолдилар. Хуршид ака бизни таништирдилар. Карим Баҳриев дарров менинг танловдаги мақоламни эслади, эътироф этди ва табриклади. Жуда хурсанд бўлдим, танловда ютган энг катта мукофотим Хуршид Дўстмуҳаммад, Карим Баҳриев, Амирқул Карим каби устозларнинг эътирофи, мени тўлақонли журналист сифатида тан олиб қаторларига қўшиши эди.
Кейин турли тадбирларда, таҳририятларда йўлимиз кесишди. Карим ака ҳамиша давранинг марказида бўлар, қизиқ ва ёрқин фикрлари билан атрофдагиларни ўз орбитасида ушлаб турар эди.
2005 йили ёзда Навоий 30 дан чиқаверишда Карим акани кўриб қолдим. Сенеканинг мактубларини таржима қилаётганини айтди. “Internews” ёпилган, Карим ака ноширлик ва таржимонликка ўтган, назаримда, журналистикага қўл силтаган эди.
Орадан йиллар ўтиб “Академнашр”да яна Карим акани кўрдим. Очиғи танимадим. Ташқи кўриниш ўз йўлига, юзлари, кўзларида чуқур қайғу бор эди. Сабабини сўрашга иймандим. Кейин аканинг шеърий китоби қўлёзмасини таҳрирга беришганда, “Чарос марсияси”ни ўқиб ҳаммасини тушундим. Карим Баҳриевдек тоғни фарзанд доғи ичдан емираётган эди.
Карим Баҳриев нафақат журналист, балки шоир, таржимон сифатида ҳам муваффақиятли фаолият юритди. Асосийси, ҳеч қачон ўз маслагидан воз кечмади, ўзини сотмади. “Лолазор” подкастига берган сўнгги интервьюсидан кўриш мумкинки, у ҳозирги кунга ҳам кўпчилигимиздан кўра холисроқ баҳо бера олган.
Аканинг сўнгги кунлар турмуш ўртоғи Илмира Раҳматуллаева илмий даража олганларидан қувониб кетма-кет пост қўйганидан у кишига ҳурматим яна ҳам ошди. Аёлининг муваффақиятидан ғашланмай, мағрур мақтана оладиган эркаклар кам, бўлибам ўзи истеъдодли одам бўлса. Яна англадимки, аканинг ўзи ҳам илмий иш қилишни жуда истаган.
Шу қайғули кунларда Илмира опага ва марҳумнинг бошқа оила аъзоларига сабр тилайман. Ҳамдардлигимни билдираман. Қайғунгизга шерикман.
Жойлари жаннатда бўлсин
Суратда ўша мен биринчи марта телевизорда кўрган Карим Баҳриев.
Шаҳноза Соатова
