Хитойда марҳумларнинг «тиригидан ўлиги» қимматга тушмоқда
Хитойда кўп қаватли уйларда марҳумларнинг кулларини сақлаш амалиёти тақиқланмоқда. Financial Times ёзишича, 31 мартдан бошлаб ҳукумат махсус “кул учун квартиралар”дан фойдаланишни чеклайди. Сўнгги йилларда аҳоли қариши ва кўчмас мулк бозорида нархлар тушиб кетиши сабаб, айрим оилалар қабристондан жой сотиб олиш ўрнига бўш квартира харид қилиб, марҳум яқинларининг кулларини шу ерда сақлашни маъқул кўраётган эди.
Маълумотларга кўра, шаҳарларда қабристон жойлари нархи ошиб бораётгани бу тенденцияни янада кучайтирган. Ҳисоб-китобларга кўра, Хитой дафн харажатлари бўйича Япониядан кейин дунёда иккинчи ўринда туради — ўртача маросим 37,4 минг юань (тахминан 5400 доллар) бўлиб, бу йиллик ўртача маошнинг қарийб ярмига тенг.
