Вой, дод! Артист (отарчи) зоти синаяпди!!! Қарзлар, кредитлар!… Эҳ-ҳе!..

Вой, дод! Артист (отарчи) зоти синаяпди!!! Қарзлар, кредитлар!… Эҳ-ҳе!..

Ўзбекистонда 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб санъаткорлар ва бошловчилар хизматларини “Солиқ” иловасида рўйхатдан ўтказиш ҳамда “бир хизмат — бир тўлов” тамойили асосида солиққа тортиш режалаштирилмоқда. Мазкур ташаббус санъат аҳли орасида кенг муҳокама ва турли фикрларга сабаб бўлди.

Хонанда Шароф Муқимов, актёр ва бошловчилар Самандар Ҳамроқулов, Абдувосит Саримсоқов ҳамда Жафар Кенжаев ушбу масала юзасидан ўз қарашларини билдирди.

Шароф Муқимовнинг таъкидлашича, санъат ортида кўринмас меҳнат, катта харажат ва шахсий қурбонликлар ётади. Унга кўра, санъаткорлар доимий даромадга эга эмас, кўпчилиги эса ижод учун кредит ва қарзга ботган. Шу боис, уларга қўшимча солиқ юкини юклаш эмас, балки қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш муҳим.

Самандар Ҳамроқулов ҳам санъаткорлар солиқ тўлашга қарши эмаслигини, аммо аксарият ижодкорлар фақат тўй хизматлари орқали даромад топишини таъкидлади. Унинг фикрича, қўшиқ ва клиплар учун сарфланган маблағлар айнан шу хизматлар орқали қопланади. Шунинг учун солиқ сиёсатида ижодкорларнинг реал молиявий ҳолати ҳисобга олиниши керак.

Абдувосит Саримсоқов эса ташқи кўринишга қараб хулоса чиқариш нотўғри эканини урғулади. Унинг айтишича, кўплаб санъаткорлар тирикчилик учун таксичилик ёки бошқа ишлар билан шуғулланишга мажбур. Қиммат либос ва саҳна кўриниши эса фақат касб талаби бўлиб, уларнинг молиявий аҳволини акс эттирмайди.

Жафар Кенжаев эса масалага нисбатан ўртача ечим таклиф қилди. Унга кўра, юқори ҳақ оладиган санъаткорлар солиқ тўлаши керак, аммо даромади нисбатан паст бўлган ижодкорларга енгиллик берилиши мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда, кичик даромадли санъаткорлар қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин.

Умуман олганда, санъат вакиллари янги тартибни жорий этишда адолатли ёндашув, реал ҳолатни ҳисобга олиш ва ижодкорларга қўшимча имкониятлар яратилишини сўрамоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: