Туркия: яшил яйловлар, сокин табиат ва баҳорий фестиваллар
Антик шаҳарлар, сокин қишлоқлар, тетиклаштирувчи чойлар, тоғлар ва денгизлар…Замонавий ҳаёт ташвишларига энг яхши дармон – табиатдан баҳра олиш ва пиёда юришдир. Қадам-бақадам сайр қилиш, Туркиянинг бетакрор тарихий, маданий ва табиий гўзалликларини треккинг орқали кашф этиш учун энг қулай фасл — баҳордир! Мамлакатнинг ҳар бир бурчаги ажойиб треккинг йўлларига бой.
Чуқур нафас олиш вақти: Қора денгиз яйловлари
Бу ерда денгиз ўрнига осмон билан туташган ажойиб булутларни кўриш мумкин. Ер ва осмон гўё бирлашиб кетгандек, яшил рангнинг минглаб сояси руҳга ором бахш этади. Ўртача 2000 метр баландликда жойлашган Қора денгиз яйловларининг ҳар бири ўзига хос гўзаллиги билан ажралиб туради. Покут яйласи қамишзор ўрмонлари билан мафтун этса, Гито гўё булутлар устида тургандек бетакрор манзаралари билан ҳайрат уйғотади. Анзер ўзининг машҳур асали билан, Айдер эса шифобахш булоқлари ва шаршаралари билан сайёҳларни ўзига жалб қилади. Бу яйловларда ҳаёт оддий ва осойишта кечади: ёғоч уйлар, тоза тоғ ҳавоси ва табиат билан уйғунлик инсонга чинакам ҳузур бағишлайди.
Ташвишга ўрин йўқ: Туркиянинг энг гўзал кўллари
Туркия кўллари ўзининг бетакрор табиати ва сокин муҳити билан инсонни ўзига ром этади. Масалан, Салда кўлини ойнадек тиниқ суви, оппоқ қумлари ва магнезийга бой таркиби билан “Туркиянинг Малдивлари”, деб атасак муболаға бўлмайди. Атрофини ўраб турган яшил қарағай ўрмонлари эса бу манзарага янада осойишталик бағишлайди.
Қалин ўрмонлар билан ўралган Карагўл эса табиат билан ёлғиз қолишни истаганлар учун айни муддаодир. Айниқса баҳорда ўзининг эртакнамо гўзаллиги билан кўзни қамаштиради.
Едигўллер ҳам нафақат табиий гўзал, балки инсонни тинчлантирувчи ноёб муҳитга эга. Бу масканлар шаҳар шовқинидан бироз узоқлашиб, сокинлик ва ички хотиржамликни ҳис қилиш учун муносиб жойлардир.
Баҳорнинг даракчиси: Фестиваллар
Маданият, санъат ва кўча фестиваллари айнан баҳор фаслида янада фаоллашади. Бу даврда атроф жонланиб, турли-туман тадбирлар кўпаяди. Турк дунёсида Ҳидреллез ва Какава шодиёналари, Истанбул кинофестивали ҳамда Билимфест каби тадбирлар катта қизиқиш билан ўтказилади. Ҳар бир фестивал ўзига хос муҳити билан ҳар бир қалбга баҳорий кайфият улашади.
Энг яхши баҳорги йўналишлар
Туркияда баҳор фаслини тўлиқ ҳис этиш мумкин бўлган кўплаб сўлим гўшалар мавжуд. Хусусан, Абант ҳар баҳор такрорланмас манзарага бурканади. Бу жой сакинат масканидир. Каздағларини эса “кислород омбори” деба аташ мумкин, чунки у тоза тоғ ҳавоси, бой ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан ҳам машҳур.
Сафранболу — Карабук вилоятида жойлашган, ЮНЕСКОнинг Жаҳон Мероси рўйхатига киритилган қадимий шаҳар. У ўзининг тарихий уйлари, тош кўчалари ва анъанавий заъфарон маҳсулоти билан қадимий руҳни бугун кунгача сақлаб келмоқда.
Эгей минтақасида жойлашган Кўйжеғиз энг кўп ёғингарчилик кузатиладиган жойлардан биридир. Кўйжеғиз кўли, доривор ёғи ва цитрус боғлари бу масканнинг табиий бойлигини яққол намоён этади.
Амасра — Қора денгиз соҳилидаги бу кичик шаҳар табиати, 3000 йиллик тарихи ва гўзал манзаралари билан ажралиб туради. Қадимий қалъаси, Кемере кўприги ва денгиз маҳсулотлари бу шаҳарнинг ўзига хос жозибасини янада оширади.
