Сенлар бир-бирингни гўштингни емаганингда нима қилибди?!
Пайшанба оқшомида Афғонистон ва Покистон ҳарбийлари ўртасида «Дюранд чизиғи» (Қобул томонидан тан олинмаган Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара) бўйлаб бошланган фаол тўқнашувлар жума тонгида ҳам давом этмоқда. Бу ҳақда «Сэда-е Афган» Telegram-канали хабар берди.
«Афғонистон Ислом Амирлиги кучлари Покистон ҳарбийлари томонидан йўлланган артиллерия зарбаларига жавобан, Хост ва Пактия вилоятларидан туриб Дюранд чизиғи бўйлаб уларнинг позицияларига ҳужум қилди», — дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, камида уч нафар Покистон ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган, бир нечта Покистон назорат-ўтказиш пунктлари вайрон қилинган.
Афғонистон Олий раҳбари матбуот котиби ўринбосари Ҳамдулла Фитратнинг маълум қилишича, пайшанба оқшомида Покистон ҳарбийлари Афғонистоннинг Кунар, Пактика ва Хост вилоятларини миномёт ва ракеталардан фаол ўққа тута бошлаган. Афғонистоннинг фуқаролик объектларига қилинган ҳужумларда учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) ҳам иштирок этган.
«Бу икки нафар тинч аҳоли вакилининг шаҳид бўлишига ва яна 25 кишининг жароҳатланишига олиб келди, жабрланганларнинг аксарияти болалардир», — дея Фитратнинг сўзларидан иқтибос келтиради «Alemarah» янгиликлар портали.
Матбуот котиби ўринбосарининг маълумотларига кўра:
-
Кунар вилоятида: Саркано ва Маравара туманларидаги аҳоли пунктларига 155 та миномёт ва узоқ масофали артиллерия снарядлари тушган. Натижада икки бола яраланган, бир автомобиль йўқ қилинган. Навапас ва Ду Сараки ҳудудларида яна ўнлаб снарядлар портлаган, у ерда саккиз бола жароҳат олган, икки нафари ҳалок бўлган.
-
Пактика вилоятида: Шакин туманига дрон ҳужуми оқибатида уч нафар тинч аҳоли вакили яраланган.
-
Хост вилоятида: Зазай Майдан туманининг Жанду Гара ҳудудига берилган дрон зарбаси натижасида икки нафар фуқаро тан жароҳати олган.
Афғонистон ва Покистон ўртасидаги кескинликнинг янги тўлқини икки мамлакатнинг юқори мартабали делегациялари Хитой воситачилигида Урумчи шаҳрида чегарадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича навбатдаги музокаралар раундини ўтказаётган бир пайтда юз бермоқда. Ҳозирча ушбу музокараларда бирор бир кескин ўзгариш ясайдиган қарор қабул қилингани ҳақида хабар берилмаган.
