Онлайн қимор ва дахшатли қотиллик: Фарғонада яна бир жиноят тафсилотлари
Фарғонада онлайн қимор ўйнаб, қарзга кириб кетган эркак унга 15 миллион сўм қарз берган танишини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда 3 апрель куни “Овоза” информацион дастурида хабар қилинди.
Қайд этилишича, Фарғона туманида яшовчи 32 ёшли фуқаро 2025 йил ёз ойларидан бошлаб онлайн қимор ўйинларини мунтазам ўйнаб келган. У моддий маблағларни ўз ҳисобидан эмас, балки атрофдагиларнинг ишончига кириб, қарз олиш орқали қўлга киритган. Хусусан, у таниши орқали моддий жиҳатдан таъминланган шахс билан яқин муносабат ўрнатиб, унинг ишончига кирган.
2025 йил 17 июлдан 23 июлгача ундан бир неча бор қарз олиб, пулларни онлайн қиморга сарфлаган. Натижада жами 15 миллион сўм миқдорида қарздорликюзага келган. Қарзни ўз вақтида қайтара олмагани сабабли улар ўртасида низо келиб чиққан.
2025 йил 23 июль куни у жабрланувчи билан Фарғона тумани марказида учрашиб, гўёки қарзни қайтариш масаласини ҳал қилиш баҳонасида унинг машинасида йўлга чиққан. Юқори Водил ҳудудида жойлашган Қадрият кўчасига етганида, автомашинани бошқариб келаётган жабрланувчининг бўйин қисмига хўжалик пичоғи билан зарба берган. Жабрланувчи қочишга уринган бўлса-да, олган оғир жароҳатлари туфайли узоққа бора олмаган. Судланувчи эса уни қувиб етиб, танасининг ҳаёти учун муҳим аъзоларига зарба бериш орқали қасддан ўлдирган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг ҳукми билан судланувчи Жиноят кодекси 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш)2-қисмининг “ж”, “и” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга ушбу модда билан 18 йилга озодликдан маҳрум қилиш тариқасида жазо тайинланди.
Шунингдек, суд ҳукмига мувофиқ, жабрланувчининг қонуний вакили фойдасига 300 миллион сўм миқдорда маънавий зарар ундирилиши белгиланди.
Фарғонада шу каби ҳолат аввал ҳам содир бўлганди. Онлайн қимор ортидан ўзи қарздор бўлган аёлни пичоқлаб ўлдирган 27 ёшли йигит 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.
