“Акамнинг шунча йил йиғган обрўсига путур етказдим” — ППХ ходимига қўл кўтарган ҳайдовчи
Тошкентда маст ҳолатда машина бошқариб, ЙТҲ содир этган ва ППХ ходимига қўл кўтарган ҳайдовчи ўз қилмишидан пушаймон эканини билдириб, кечирим сўради. ППХ ходимлари чақирув асосида етиб борганда, фуқаро спиртли ичимлик таъсирида бўлиб, қонуний талабларга бўйсунмаган ва ҳақорат қилган. Уни тинчлантириш вақтида ҳайдовчи ходимни урган. Шундан сўнг у шокер ёрдамида зарарсизлантирилиб, бўлимга олиб кетилган.
Ҳайдовчи ўз баёнотида маст ҳолда жанжал қилганини тан олиб, қилган ишидан қаттиқ афсусда эканини айтган. Шунингдек, бу ҳолат акасининг обрўсига ҳам путур етказганини таъкидлаган. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов давом этмоқда.
