Нима учун АҚШ Ўзбекистон футболчиларининг миллионлаб маблағларини олиб қўяди? ЖЧ-2026 олдидаги солиқ тўсиғи

Нима учун АҚШ Ўзбекистон футболчиларининг миллионлаб маблағларини олиб қўяди? ЖЧ-2026 олдидаги солиқ тўсиғи

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тарихий чиқиши мамлакат учун улкан байрам бўлди. Бироқ, мусобақа яқинлашгани сайин молиявий масалалар кўпчиликни хавотирга солмоқда. Гап шундаки, АҚШнинг қаттиқ солиқ қонунчилиги туфайли Ўзбекистон терма жамоаси ишлаб топган мукофот пулларининг салмоқли қисмидан маҳрум бўлиши мумкин.

«Sports.kz» ва «The Guardian» нашрлари берган маълумотларга кўра, Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилаётган уч давлатдан иккитаси — Мексика ва Канада спорт ҳамжамиятига енгиллик яратиш учун солиқ имтиёзларини тақдим этган. Аммо АҚШ ҳукумати ФИФА билан бу борада тўлиқ келишувга эришишдан бош тартди.

Бу дегани, мусобақада иштирок этувчи 48 та жамоадан 30 таси, шу жумладан Ўзбекистон ҳам солиқ зарбаси остида қолади. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш бўйича махсус келишув мавжуд эмаслиги вазиятни янада қийинлаштиради. Эндиликда ўзбек делегацияси АҚШ ҳудудидаги даромадлари учун бир вақтнинг ўзида учта даражада солиқ тўлашига тўғри келади:

Федерал даражада (Давлат хазинасига);
Штат даражасида (Ўйин ўтказиладиган ҳудудга қараб);
Шаҳар даражасида (Муайян маҳаллий солиқлар).

Вазиятни нафақат солиқлар, балки ФИФАнинг янги сиёсати ҳам мураккаблаштирмоқда. Шимолий Америкадаги юқори нархларга қарамай, федерация кунлик харажатлар учун ажратиладиган маблағни Қатардаги 850 доллардан 600 долларга туширган. Тайёргарлик учун бериладиган 1,5 миллион долларлик бюджет эса инфляцияга қарамай ўзгаришсиз қолди.

Ҳисоб-китобларга кўра, агар «Оқ бўрилар» гуруҳдан чиқа олмаса ҳам, уларга жами 10,5 миллион доллар (9 млн мукофот пули ва 1,5 млн тайёргарлик учун) кафолатланган. Бироқ юқоридаги солиқлар сабабли Тошкентга етиб келадиган соф сумма анча кам бўлиши мумкин.

 

Манба

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: