Трамп Эронга кескин ультиматум қўйди: вазият янада таранглашмоқда…

Трамп Эронга кескин ультиматум қўйди: вазият янада таранглашмоқда…

АҚШ президенти Donald Trump Truth Social ижтимоий тармоғи орқали Эрон раҳбариятига кескин ва қаттиқ оҳангда мурожаат қилди. У ўз чиқишида Теҳронни қаттиқ танқид қилиб, ҳатто ҳақоратли иборалар ишлатди ва Ҳўрмуз бўғозини зудлик билан очишни талаб қилди.

Трамп ўз постида таҳдидли оҳангни яширмади: агар Эрон талабни бажармаса, оғир оқибатлар бўлишини таъкидлади. У бу ҳолатни жуда кескин ифодалар билан тасвирлаб, ҳатто “дўзахга равона бўлиш” каби ибораларни қўллади.

«Сешанба Эронда бир вақтнинг ўзида Электр станциялар куни ва Кўприклар куни бўлади. Бунақасини ҳали кўрмагансиз!!! Ақлдан озган аблаҳлар, лаънати [уятли сўз] (оригиналида – fuckin strait ) бўғозни очинг, акс ҳолда дўзахга равона бўласизлар. Буни кўрасиз!» – дейилади унинг постида.

Шу билан бирга, у постини “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деган ибора билан якунлагани ҳам эътиборли бўлди.

Шунингдек, у Fox News телеканалига берган интервьюсида Эрон билан келишувга эришиш имконияти ҳали ҳам мавжудлигини айтди. Бироқ, агар бу музокаралар натижа бермаса, у қаттиқ чораларга ўтишини очиқ айтди. Трамп ҳатто нефт ресурслари устидан назорат ўрнатиш сценарийсини ҳам кўриб чиқишини таъкидлади.

«Ўйлайманки, эртага яхши имкониятлар бор, ҳозир музокаралар олиб борилмоқда. Агар улар битим тузишмаса ва буни тезда амалга оширишмаса, мен ҳамма нарсани портлатиб, нефтни қўлга киритиш имкониятини кўриб чиқмоқдаман», – деган у.

Маълумки, Трамп аввал ҳам Эронга бир неча бор ультиматумлар қўйган. Илк бор 21 март куни у 48 соат ичида Ҳўрмуз бўғозини очиш талабини қўйган эди. Кейинчалик музокаралар сабабли ушбу муддат бир неча бор узайтирилди: аввал 5 кунга, сўнгра 10 кунга. Якуний муддат сифатида 6 апрель белгиланган.

«Ёдингизда бўлса, мен келишув тузиш ёки Ҳўрмуз бўғозини очиш учун Эронга ўн кун вақт берганман. Вақт тугамоқда – уларнинг бошига дўзах куни тушишига 48 соат қолди», – дея ёзганди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.

Вазият кескинлашиб бораётган бир пайтда, Эрон томони ҳам жавобсиз қолмади. Эрон қуролли кучлари генерали Али Абдуллоҳи Алиабоди Трампнинг баёнотларини “асабий ва маъносиз ҳаракат” деб баҳолаб, унинг таҳдидларига кескин жавоб қайтарди. Унинг таъкидлашича, ҳақиқий хавф Трампнинг ўзи учун юзага келиши мумкин.

«Бу хабарнинг асл маъноси шуки, жаҳаннам эшиклари аслида сиз учун очилади», – деди у.

Айни дамда, таҳлилчилар фикрига кўра, стратегик объектлар — электр станциялари, кўприклар, нефт инфратузилмалари ва сувни чучуклаштириш иншоотлари эҳтимолий нишон сифатида қаралмоқда. Бу эса минтақадаги геосиёсий вазиятни янада хавфли босқичга олиб чиқиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддият янада кескин тус олмоқда. Музокаралар ҳали давом этаётган бўлса-да, ҳар икки томоннинг баёнотлари вазиятнинг ҳар қандай сценарий бўйича ривожланиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Мухлислар ва кузатувчилар эса энди яқин кунларда қандай қарор қабул қилинишига катта қизиқиш билан қарамоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: