Омбудсманнинг судга киритган аризаси асосида фуқароларнинг мулк ҳуқуқлари тикланди

Омбудсманнинг судга киритган аризаси асосида фуқароларнинг мулк ҳуқуқлари тикланди

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Жиззах вилоятидан фуқаро Ш.О. мурожаат қилиб, марҳум отаси номида бўлган уй-жойни мерос сифатида расмийлаштиришда муаммо юзага келганини маълум қилди. Мурожаатда марҳумнинг фарзандлари Давлат хизматлари маркази ва Кадастрлар палатаси туман бўлимига қилган мурожаатлари орқали масала ҳал бўлмагани, шу сабабли уларнинг қонуний ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам сўрашган.

Аниқланишича, мурожаатчининг марҳум отасига 1984 йилда колхоз балансида бўлган уй яшаш учун ажратилган. Аммо бу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатда унинг фамилияси нотўғри қайд этилгани боис мерос ҳуқуқини расмийлаштириш жараёнида муаммо келиб чиққан.

 

Мурожаат Омбудсман томонидан назоратга олиниб, фуқаролар манфаатида судга юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш ҳақида ариза киритилди.

 

Жиззах туманлараро маъмурий суди иш ҳужжатларини кўриб чиқиб, собиқ колхоз балансидаги уй ҳақиқатда марҳум фуқарога берилгани ҳақидаги юридик аҳамиятга эга фактни белгилади ҳамда аризани қаноатлантирди.

 

Мазкур суд қарори орқали меросни расмийлаштиришга тўсқинлик қилиб келган ҳолат бартараф этилди ва меросхўрларнинг қонуний ҳуқуқларини амалга ошириши учун ҳуқуқий асос яратилди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати

Дўстларингизга ҳам юборинг: