Туркияда қозоғистонлик фуқаро отиб кетилди
Истанбулда содир этилган ошкора қотиллик иши юзасидан икки нафар гумонланувчи қўлга олинди.
Турк полицияси маълумотига кўра, улар Эдирне вилоятида, чегарага яқин ҳудудда ушланган. Тахминларга кўра, гумонланувчилар мамлакатни тарк этишга уринган. Қўлга олинганлар Истанбул полициясига топширилган. Айрим манбалар уларнинг Грузия фуқаролари бўлиши мумкинлигини ёзмоқда.
Маълум қилинишича, ҳодиса 31 март куни Истанбулнинг Фотиҳ туманида содир бўлган. Номаълум шахс Ариф Исмоиловга ўқ узган, у оғир жароҳатлар билан шифохонада вафот этган.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳолатдан хабардор эканини билдириб, Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари тергов олиб бораётганини маълум қилди.
