Тошкентда болаларни қамаб, мажбуран диндан таълим бериб келганлар ушланди
Тошкент шаҳрида талаба ва унинг ОТМдаги ўқитувчиси ижарага олинган хонадонларда болаларга ноқонуний тарзда диний сабоқ бериб келгани аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 1992 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, ҳозирда пойтахтдаги нодавлат олий таълим муассасасининг 2-босқич талабаси Янгиҳаёт туманидаги хонадонлардан бирини ижарага олиб, моддий манфаатдорлик эвазига, 2014–2021 йиллар оралиғида туғилган 9 нафар вояга етмаган болаларга диний сабоқ бериб келган.
Текширув жараёнида 49 дона турли диний мазмундаги китоблар, 24 дона диний дарсликлар ёзилган дафтарлар ҳамда 1 дона ноутбук ашёвий далил сифатида олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, болаларга мажбурий равишда сабоқ берилган, айрим ҳолларда эса уларга турли даражада тан жароҳатлари ҳам етказилган. Шунингдек, болалардан 6 нафари 2 ойдан 8 ойгача умумтаълим мактабидаги дарсларга бормаган, аксинча, мажбуран уйда сақланиб, ҳатто уларга кўчага чиқишга ҳам рухсат берилмаган.
Ҳозирда ушбу манзилдан олинган диний адабиётлар ва компьютер техникаси юзасидан тегишли экспертизалар тайинланиб, қонунбузар фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 229-2-моддаси (диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, болаларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Янгиҳаёт туманида кузатилган бошқа ҳолатда эса юқорида келтирилган талабанинг нодавлат олий таълим муассасасидаги ўқитувчиси ҳам ижара хонадонда болаларга ноқонуний тарзда диний сабоқ бераётгани аниқланган. 1987 йилда туғилган ушбу шахс ва унинг турмуш ўртоғи томонидан 2009—2018 йиллар оралиғида туғилган 5 нафар болага сабоқ берилган бўлиб, улар орасида Тожикистон фуқаросининг ҳам фарзанди бор.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича тегишли экспертиза тайинланиб, терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
