«Эркак кучлими ёки аёл?»

«Эркак кучлими ёки аёл?»

Мазкур тарихий учрашув Имом Абу Ҳанифа ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг авлодларидан бўлмиш Муҳаммад Боқир розияллоҳу анҳу ўртасида бўлиб ўтган. Суҳбат илм одоби ва ҳақиқатни излаш борасидаги энг гўзал намуналардан биридир.

Илм ва одоб мажлиси

Муҳаммад Боқир Имом Абу Ҳанифага юзланиб, бироз эътироз билан деди: — «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари қолиб, қиёсни устун қўядиган киши сизмисиз? У зотнинг кўрсатмаларини ташлаб, ўз фикрингизга таяняпсизми?»

Ўша вақтда иккалалари ҳам тик турган эдилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ниҳоятда одоб билан жавоб қайтардилар: — «Келинг, эй саййидим, ўз ўрнингизга ўтиринг, мен ҳам ўтирай. Кейин бу масалани бафуржа гаплашиб олайлик».

Муҳаммад Боқир жойларига ўтиргач, Абу Ҳанифа худди шогирд каби у кишининг ҳузурларида тиз чўкиб ўтирди ва илмий баҳсни бошлади.

Далилларнинг қиёсдан устунлиги

1. Мерос масаласи Абу Ҳанифа сўради: — «Эркак киши кучлими ёки аёлми?» Муҳаммад Боқир: «Аёл киши ожиза, кучсизроқ», деб жавоб берди. Абу Ҳанифа давом этди: — «Айтинг-чи, бир киши вафот этса ва ундан ўғил-қиз қолса, мерос қандай тақсимланади?» Муҳаммад Боқир: «Ўғилга икки ҳисса, қизга бир ҳисса берилади», деди. Шунда Абу Ҳанифа деди: — «Агар мен қиёсга (ақлий хулосага) таянганимда, кучсиз бўлгани учун аёлга кўпроқ мерос берилишини айтган бўлардим. Лекин мен қиёсни ташлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган ваҳийга (нассга) амал қилдим».

2. Намоз ва рўза масаласи Абу Ҳанифа яна сўради: — «Намоз афзалми ёки рўзами?» Муҳаммад Боқир: «Намоз афзал», деб жавоб берди. Абу Ҳанифа: — «Аёл киши узрли (ҳайз) ҳолатида намоз ва рўзани тўхтатади. Поклангач, қайси бирининг қазосини адо этади?» Муҳаммад Боқир: «Рўзанинг қазосини тутади, намознинг қазосини ўқимайди», деди. Абу Ҳанифа хулоса қилди: — «Агар мен қиёсга асослансам, афзалроқ бўлган ибодатнинг — намознинг қазосини ўқишни буюрган бўлардим. Лекин мен бу ерда ҳам қиёсни ишлатганим йўқ, балки шариатнинг асосий матнига (нассга) эргашдим».

Хатти-ҳаракат ва эътироф

Бундай илмий ва мантиқий далилларни эшитгач, Муҳаммад Боқирнинг қалбида Абу Ҳанифага нисбатан чексиз муҳаббат ва ҳурмат уйғонди.

Сўнгра Муҳаммад Боқир: «Унда сиз аслида кимсиз?» деб сўраганида, Имом Абу Ҳанифа шундай жавоб берди:

«Мен ўтган салаф уламоларнинг йўлини тутган бир шогирдман. Гуноҳи туфайли бирор мусулмонни кофирга чиқармайман. Салафларга эргашаман ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтларини чин дилдан ҳурмат қиламан».


Хулоса ўрнида: Бугунги кунда Имом Абу Ҳанифадек буюк зотга нисбатан ноўрин гаплар айтаётганлар ушбу воқеадан ибрат олишлари лозим. Илм савияси ҳали бошланғич даражада бўла туриб, бундай раббоний олимларнинг ижтиҳодига тил текказиш одобсизликдир. Агар Имом Абу Ҳанифа ҳозир ҳаёт бўлганларида, у кишига таъна тошини отаётганлар ҳайбат ва илм олдида бир оғиз сўз айтишга ҳам ожиз қолар эдилар.

Шайх Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий маърузалари асосида. Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.

Умида Абдуқодирова

Дўстларингизга ҳам юборинг: