Иброҳим Тотлисас жонлантириш бўлимида: Истанбулда шошилинч операция ва оилавий фожиа!
Турк эстрадасининг тирик афсонаси, миллионлаб қалблар эъзозидаги Иброҳим Тотлисаснинг аҳволи оғирлашди. 7 апрель куни Истанбулдаги хонадонида ҳушсиз ҳолда топилган 74 ёшли санъаткор тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетилди. Дунё бўйлаб гастроллардан чарчаб қайтган «Император»нинг организми кутилмаганда панд берди.
Шифохонадан илк баёнот: Аҳвол қандай?
Шифохона бош шифокори Энгин Чақмоқ вазиятга ойдинлик киритди:
«Беморимиз қон босимининг кескин тушиб кетиши ва кучли инфекция аломатлари билан келтирилди. Томография ва қон таҳлиллари натижасида эҳтиёт чораси сифатида у жонлантириш (реанимация) бўлимига ётқизилди. Ҳозирда унинг эс-ҳуши жойида, юрак ва ўпка фаолияти барқарор назорат остида».
Шундай бўлса-да, санъаткорнинг ёши ва илгари бошидан ўтказган оғир жароҳатлари вазиятни жиддийлаштирмоқда.
Ота ва ўғил ўртасидаги девор: Масжиддаги изтироб
Тотлисас шифохонада ҳаёт учун курашаётган бир пайтда, унинг катта ўғли Аҳмад Тотлисас отасининг ёнига кира олмай сарсон бўлмоқда. Сабаби — суд томонидан чиқарилган «яқинлашмаслик қарори» ва ўғлининг оёғидаги электрон кишан!
Отасининг ҳолидан хабар олишга мажбур бўлган Аҳмад шифохонага 3 километр яқинликдаги масжидда нажот кутиб ўтирибди. Шифохона остонасига қадам босиши билан панжара ортига тушиши мумкин бўлган ўғил, отаси ҳақидаги хабарларни масжид ҳовлисида, кўзида ёш билан кутмоқда. Оилавий низолар ҳатто ўлим билан юзма-юз келинганда ҳам юмшагани йўқ.
Мухлислар дуода
Ижтимоий тармоқлар «Император» учун дуолар билан тўлиб-тошмоқда. Вирусли инфекция тахмини ҳали расман тасдиқланмаган бўлса-да, шифокорлар Тотлисаснинг бир муддат тўлиқ назоратда қолишини таъкидлашмоқда.
