Исроил, АҚШ ва Эрон ўртасидаги уруш янги босқичга чиқди. Эрон АҚШнинг бирорта шартига кўнмади ва…
АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик энг юқори нуқтага чиқди. Президент Трамп томонидан Теҳронга Ҳурмуз бўғозини очиш ёки «дўзах азобига» тайёрланиш учун берилган муддат якунланиши арафасида минтақада АҚШ авиациясининг фаоллиги кескин ошган. Эрон Қатар, БАА, Баҳрайн ва Қувайтга нисбатан оммавий зарбалар беришни бошлади. Ироқнинг Басра шаҳрида ғазабланган оломон Қувайт консуллигига ҳужум қилди, деб хабар бермоқда Shafaq News. Штурмга қўшни давлат ҳудудидан учирилган ракета ҳақидаги маълумот сабаб бўлган. Снаряд Ироқ жанубидаги турар-жой биносига келиб тушган, натижада уч нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Намойишчилар зудлик билан тергов ўтказишни ва ҳужум учун қасос олишни талаб қилмоқдалар. Дипломатик миссия ҳудудида вазият ўта кескинлигича қолмоқда.
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф АҚШ Президенти Дональд Трампдан дипломатияга имкон бериш учун дедлайнни (якуний муддатни) яна икки ҳафтага узайтиришни сўради, деб хабар бермоқда Reuters. У, шунингдек, Эронга «яхши ният белгиси» сифатида Ҳурмуз бўғозини худди шу муддатга очиш илтимоси билан мурожаат қилди.
Шариф можаронинг барча томонларини урушни узил-кесил тугатиш ва минтақадаги хавфларни камайтириш мақсадида икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш тартибига риоя қилишга чақирди. Эроннинг юқори мартабали мулозими Теҳрон Покистоннинг икки ҳафталик сулҳ борасидаги сўровини ижобий кўриб чиқаётганини маълум қилди.
NBC News хабарига кўра, АҚШ президенти тегишли баёнотни эълон қилишда нимани назарда тутгани ҳақидаги саволга: «Буни ўзингиз аниқлашингизга тўғри келади», — деб жавоб берган. Айни дақиқаларда Эроннинг бутун ҳудуди бўйлаб шиддатли авиазарбалар берилмоқда. Исфаҳон, Хузистон, Табриз ва бошқа ҳудудларда кучли портлашлар юз бергани хабар қилинмоқда. Эрон манбаларининг маълумотларига кўра, мамлакатнинг ғарбий ва жануби-ғарбий қисмида қуйидаги объектларга ҳужум қилинган: «Амир Кабир», «Бандар Имом» ва «Фажр» нефть-кимё корхоналари;
Эрак шаҳридаги алюминий заводи.
Юқори мартабали Америка амалдори «Ал-Жазира» телеканалига берган баёнотида Пентагон ҳарбий режаларни тайёрлаб қўйганлиги ва агар Президент бугун тунда Эронга қарши ўз таҳдидларини амалга оширишга қарор қилса, кучлар шай ҳолатда эканлигини маълум қилди.
Эрон Покистонлик воситачига бўлган ҳурмати юзасидан ва дипломатияга қўшимча имконият бериш учун икки ҳафталик ўт очишни тўхтатишга розилик беришга мойил бўлмоқда.
