Жаҳлни даҳшатга солган «Баҳайбат туя»
Макканинг иссиқ кунларидан бири. Каъба атрофида Қурайш зодагонлари соя-салқинда кибр билан суҳбат қуриб ўтиришарди. Шу пайт оломон орасида уст-боши чанг, юзидан мусофирлиги билиниб турган бир аъробий пайдо бўлди. Унинг нигоҳларида ҳам умид, ҳам чексиз алам бор эди.
Мазлумнинг нидоси ва мушрикларнинг масхараси
— Эй Макка аҳли! — дея ҳайқирди мусофир. — Мен Араш қабиласиданман. Абул Ҳакам (Абу Жаҳл) туяларимни сотиб олди, лекин ҳаққимни беришни пайсалга соляпти. Орангизда мендек мазлумга ёрдам берадиган, золимдан ҳаққимни ундириб берадиган бирор мард борми?
Даврада ўтирган мушриклар бир-бирларига маъноли қараб, илжайишди. Улар Абу Жаҳлнинг қанчалик бадфеъл ва қайсарлигини яхши билардилар. Шу пайт уларнинг кўзи Каъба чеккасида хушуъ билан намоз ўқиётган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга тушди. Уларнинг ичида яна ўша эски адоват ва масхара қилиш истаги уйғонди.
— Ана, — дейишди улар киноя билан Пайғамбаримизни кўрсатиб. — Ана шу одамнинг олдига бор. У Қурайшнинг энг «қудратли» кишиси, сенинг ҳаққингни ўша заҳоти олиб беради.
Уларнинг мақсади Пайғамбаримизни Абу Жаҳлнинг эшигига юбориб, у ердан ҳақоратланиб ёки қувилиб қайтишини томоша қилиш эди.
«Юр мен билан…»
Аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, дардини айтди. Аллоҳнинг элчиси ҳеч қандай иккиланишсиз, ортиқча савол-жавоб қилмай ўринларидан турдилар: — Юр мен билан, — дедилар мулойим, аммо қатъий оҳангда.
Бу ҳолатни кузатиб турган мушриклар ҳайратдан қотиб қолишди. «Наҳотки у Абу Жаҳлнинг эшигига боришга журъат қилса?» деган ўй билан, нима бўлишини кўриш учун орқаларидан кузатувчи юборишди.
Эшик ортидаги даҳшат
Расулуллоҳ ﷺ Абу Жаҳлнинг уйига бориб, эшикни қаттиқ тақиллатдилар. Ичкаридан ғазабнок овоз эшитилди: — Ким у?! — Мен Муҳаммадман! Ташқарига чиқ!
Эшик очилди. Абу Жаҳл чиқиб келди-ю, юзидаги сохта кибр бир лаҳзада ўчди. Унинг ранги бўзариб, бутун вужуди титрай бошлади. Пайғамбаримиз ﷺ унинг кўзларига тик боқиб: — Бу кишининг ҳаққини бер! — дедилар.
Абу Жаҳл худди сеҳрлаб қўйилгандек, тили айланмай: «Ҳозир… ҳозир бераман», деди-ю, ичкарига югуриб кириб кетди. Бироздан сўнг аъробийнинг пулларини тўлиқ олиб чиқиб, ўз қўллари билан топширди.
Абу Жаҳлни нима титратди?
Расулуллоҳ ﷺ ва аъробий кетгач, Қурайш вакиллари Абу Жаҳлни ўраб олишди: — Сенга нима бўлди, эй Абул Ҳакам? Наҳотки Муҳаммаднинг биргина сўзига бўйин эгдинг? — дейишди таъна билан.
Абу Жаҳл ҳали ҳам ўзига келолмай, қалтироқ овозда жавоб берди: — Мени айбламанглар! Унинг овозини эшитган заҳотим юрагим ваҳимага тўлди. Эшикни очганимда эса, Муҳаммаднинг боши узра бир эркак туяни кўрдим. У шундай баҳайбат ва ваҳимали эдики, умримда бунақа даҳшатни кўрмаганман. Унинг ўткир тишлари менга қараб турарди. Валлоҳи, агар «йўқ» деганимда, ўша заҳоти мени ғажиб ташлаган бўларди!
Шу куни Макка аҳли яна бир бор гувоҳ бўлди: Муҳаммад ﷺ ёлғиз эмас — Унинг ортида оламлар Раббисининг чексиз қудрати турибди!
