Ўзбекистонда «боши очиқ» бой «кеннайи» қидираётган «куёвлар» канали пайдо бўлди (фотофакт)
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ўзгача мазмундаги эълонлар вируслардек тарқалмоқда. Бу гал гап оддий танишувлар эмас, балки ёш йигитларнинг ўзидан ёши катта ва молиявий жиҳатдан мустаҳкам аёлларни қидириши ҳақида кетмоқда.
Ижтимоий тармоқлардаги махсус каналларда жойлаштирилаётган «куёвлар»нинг анкеталарида нафақат севги, балки аниқ моддий талаблар илгари сурилмоқда. Эълонларда йигитлар ўзларига керакли бўлган шартларни ҳеч бир истиҳоласиз ёзиб қолдиришмоқда:
- Тайёр уй ва автомашина;
- Йигитнинг қарзларини ёпиш;
- Кундалик харажатларни тўлиқ молиялаштириш.
Айниқса, айрим анкеталардаги талаблар жамоатчиликнинг ҳайратига сабаб бўлмоқда. Баъзи «номзодлар» бўлажак шеригидан биринчи навбатда уларнинг банк олдидаги мажбуриятлари ва муаммоли кредитларини ҳал қилиб беришни сўрашмоқда. Бундай эълонлар эвазига йигитлар ўзларининг «ёшлиги ва вақтини» таклиф қилишмоқда.

Экспертлар ва жамоатчилик фаоллари бундай ҳолатларни миллий қадриятларнинг емирилиши ва ёшлар орасида боқимандалик кайфиятининг кучайиши сифатида баҳоламоқда. Меҳнат қилиб пул топиш ўрнига, енгил ҳаёт ва бой аёллар ҳисобига яшаш истаги ижтимоий хавфли тенденцияга айланиб бораётганидан хавотир билдирилмоқда.
Бу каби танишув каналлари кўпинча фирибгарлар учун қулай майдон бўлиб хизмат қилиши мумкин. Фуқароларни шахсий маълумотларини беришда ва шубҳали келишувларда эҳтиёткор бўлиш керак.
Тарқалган бу хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин? Балки бу ҳам бир «хайп» учун қилинаётган ишдир.
