Пентагон Эрондаги нишонлар рўйхатини кенгайтирмоқда — Politico
Пентагон Эрондаги «икки мақсадга эгa» объектларни нишонлар рўйхатига қўшиш имкониятини кўриб чиқяпти. Бундан мақсад ҳарбий жиноятларда айбланишдан қочиш, деб хабар бермоқда нашр.
Ушбу рўйхатга ҳам аҳолини, ҳам ҳарбийларни ёқилғи ва электр энергияси билан таъминлайдиган объектлар киритилиши мумкин.
Politico манбасига кўра, Пентагон ичида бундай асосларнинг ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик тўғри экани ва ҳарбий ҳамда фуқаролик объектлари ўртасидаги чегара қаерда экани борасида баҳслар кетмоқда. Масалан, сувни чучуклаштириш қурилмалари ҳарбийларга ҳам сув кераклиги сабабли нишон деб ҳисобланиши мумкин.
Пентагоннинг икки вакилига кўра, АҚШ ва Исроил ҳарбийлари Эронга беш ҳафта давомида тўхтовсиз зарбалар берганидан сўнг, янги нишонларни қидириш жараёнида ушбу рўйхат қайта кўриб чиқиляпти.
