Қўл ва оёқ тирноғини бир кунда олиб бўлмайдими?
Савол: «Ёшлигимизда қўл ва оёқ тирноғини бир кунда олиб бўлмайди» дейишарди. Шу гап бидъат эмасми?
Абдувоҳид домла Аҳмадалиев: — Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Албатта, бу ирим-сирим, хурофотлардан бири. Динимизда «қўл-оёқ тирноқларини бир вақтда ёки бир кунда олиб бўлмайди» деган қоида йўқ.
Бу халқимиз орасида тарқалган, асоси бўлмаган ирим-сиримлардан ҳисобланади. Диний мавзуларда ҳам, ижтимоий мавзуларда ҳам бунақа иримлар жуда кўп.
Энди шу ўринда «бидъатми?» деб сўраяпсизлар. Бидъат билан хурофот деган нарса бор. Бидъат — бу динда янгилик пайдо қилиш. Бидъатнинг озгина бўлса ҳам (қандайдир нотўғри бўлса-да) асоси бўлиши мумкин. Аммо хурофотнинг ҳеч қанақа асоси бўлмайди. Яъни, у бидъатдан ҳам ёмонроқ — ғирт тўқима, ёлғон нарса ҳисобланади.
Халқимиз орасида бундай хурофотлар кўп. Масалан:
-
Олдингдан қора мушук ўтса, етти қадам орқага юриш керак;
-
Қайсидир кунлари соч-соқол олиб бўлмайди;
-
Тирноқ олиб бўлмайди ёки қўл-оёқ тирноғини бир вақтда олиб бўлмайди.
Буларнинг ҳеч қандай асли ҳам, асоси ҳам йўқ. Динимизда бир қоида бор: «Ал-хайру ла юаххор» — яхшилик кечиктирилмайди. Қолаверса, қўл ва оёқ тирноқларини бир ҳафтада бир марта олиш — суннат. Суннат амални кечиктирилмайди. Албатта, уларни бир вақтда олишда ҳеч қандай кароҳият (ёмонлик) йўқ. Шунинг учун бу нарсадан ташвиш қилмасалар бўлади. Валлоҳу аълам.
