ҚОНХЎР «ЖАЛЛОД РАВВИН» ҚАҲРАМОНГА АЙЛАНТИРИЛМОҚДА!
Исроиллик даян (диний судья) Мустақиллик кунида байрам машъаласини ёқиш учун танланди!
Исроил мустақиллигининг 78 йиллиги арафасида «миллий қаҳрамонларни» танлаш мезонлари катта баҳсларга сабаб бўлмоқда. Энг кўп муҳокама қилинаётган шахс — 54 ёшли раввин Авраам Зарбив бўлиб, унинг биографияси судьялик мантияси, ҳарбий бульдозер бошқаруви ва нафратга тўла баёнотларнинг даҳшатли қоришмасидан иборат.
Ҳафтасига 50 та уйни вайрон қилган «қаҳрамон» Тель-Авив раввинлик судида судья бўлиб ишлайдиган Зарбив, Ғазо секторидаги ҳарбий хизмати давомида бронели D9 бульдозерини бошқарган. У ижтимоий тармоқларда турар-жой биноларини қандай қилиб ер билан яксон қилаётгани акс этган видеоларни фаол тарқатиб келган. Раввин ҳафтасига ўртача 50 та уйни вайрон қилиши билан мақтанган.
«Уларда на уй, на болалик суратлари қолди» Зарбив ўз интервьюларидан бирида фаластинликларга қайтиш учун жой қолдирмаётганини таъкидлаган: «Рафиаҳ ва Жабалияда улар қайтадиган ҳеч вақо қолмади. ЦАХАЛнинг жанговар доктринаси ўзгарди: биз олдинга борамиз ва ҳамма нарса вайрон бўлади». У ўн минглаб оилаларнинг шахсий буюмлари, болалик суратлари ва ҳужжатлари йўқ бўлиб кетганини қувонч билан қайд этган. Унинг бу ҳаракатлари ижтимоий тармоқларда «Ғазони зарбивлаш» (ер билан яксон қилиш) деган янги ибора пайдо бўлишига олиб келди.
Судьялик этикаси ва сиёсий ҳимоя Раввин хизмат давомида нафақат уйларни бузган, балки фаластинликларни қувиб чиқариб, у ерда яҳудий қишлоқларини тиклашга чақирган. Исроил судьялари иши бўйича вакил Ашер Кула Зарбивнинг хатти-ҳаракатлари этика кодексини қўпол равишда бузишини ва ҳарбий кийим давлат хизматчиси масъулиятидан озод қилмаслигини таъкидлади.
Бироқ, расмий таъна ва ҳуқуқий эътирозларга қарамай, Исроил ҳукуматидаги вазирлар — Мири Регев ва Бецалель Смотрич раввинни ҳимоя қилиб чиқишди. Регев уни «фидойиликнинг ёрқин намунаси» деб атади ва Мустақиллик кунида машъала ёқишдек юксак шарафга лойиқ кўрди.
