Россиялик таниқли мураббий Ҳусанов ҳақда: Қандай қилиб РПЛ клублари Абдуқодир Ҳусановни кўрмай қолишган?

Россиялик таниқли мураббий Ҳусанов ҳақда: Қандай қилиб РПЛ клублари Абдуқодир Ҳусановни кўрмай қолишган?

Россиялик таниқли мураббий Юрий Сёмин «Спорт экспресс» нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон миллий жамоаси ва Абдуқодир Ҳусанов ҳақидаги саволларга жавоб берди.

— Агар Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати олдидан мураббий алмаштираётганда Фабио Каннаваро ўрнига сизни таклиф қилганида — рози бўлармидингиз? Таваккал қилармидингиз?

— Нега энди йўқ? Албатта, рози бўлардим! Мен ўзбекларга мухлислик қиламан. Улар бизнинг энг яқин қўшниларимиз ва дўстларимиз. Улар жаҳон чемпионатларида дебют қилади ва гуруҳдан чиқиш улар учун катта ютуқ бўлади. Бу қийин, аммо мумкин. Буни кўриш учун Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити»да қандай ўйнаётганига қарашнинг ўзи етарли.

Бу мен учун тўлиқ кашфиёт бўлди! Ахир у дарҳол “Сити”га келиб қолмаган. Аввал Ўзбекистонда ўйнаган, кейин Беларусга ўтган, у ердан Францияга, кейин эса Англияга йўл олган. Шунда савол туғилади: бизнинг селекционерлар қаерда эди? Қандай қилиб бундай футболчини кўрмай қолиш мумкин? Футболчи ва ўйинни кўра билиш керак-да!

Пеп Гвардиола эса бу олмосни кўра олди ва уни жамоасига олди. Ҳусанов марказий ҳимояда ҳам, қанотда ҳам сифатни йўқотмасдан ўйнай олади — бу жуда кам учрайдиган ҳолат. У жуда ёш бўлишига қарамай, бундай даражадаги мураббий унга энг муҳим ўйинларда ишонч билдирмоқда. Бу эса «Манчестер Сити»дек жамоада — тўлган трибуналар, кучли рақиблар, катта босим шароитида содир бўляпти!

— Ҳусановни “Сити”да икки марта ой футболчиси деб тан олишди.

— Ана кўрдингизми — зўр йигит! Лекин энг муҳими — уни кўра билиш эди. Қайси мамлакатдан эканига қарамай. Қандай қилиб у бизнинг лига орқали ўтмай кетди? Менимча, агар уни Ўзбекистондан РПЛ клубларидан бири чақирганида, албатта борган бўларди. Аммо уни кўришмади — муаммо ҳам шунда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: