Фарғонача «Double Game»: Ишқий тузоқ ва миллионлик шантаж
Бу воқеа шунчаки бир ишқий саргузаштнинг фожиавий якуни эмас, балки жамиятимиздаги маънавий чириганлик ва иккиюзламачиликнинг очиқ кўзгусидир. Фарғонада юз берган, гўёки «жабрланувчи» давлат ходими ва «товламачи» аёл ўртасидаги бу детектив воқеа ижтимоий тармоқларни ёндираётгани бежиз эмас. Нега миллиардлаб халқ пулини туя қилган коррупционерлар қўлга тушганда юзини кўрсатишга истиҳола қиламиз-у, лекин нафсининг қулига айланиб, боши берк кўчага кириб қолган аёлнинг башарасини бутун оламга кўз-кўз қиламиз? Бу ерда гап фақат жиноятда эмас, балки адолат мезонининг қай даражада қийшиқ ишлаётганида.
Сценарий эса жирканч: давлатнинг масъул лавозимида ўтириб, оила ва жамият олдидаги масъулиятини унутган эркак ўз нафсини қондириш илинжида «тузоқ»қа тушади. Аёл эса буни аллақачон бизнес режага айлантириб бўлган. Ишончга кириш, яширин тасвирлар ва ниҳоят — шантаж. Эркак «сигир» каби соғила бошлайди, унинг хотини, ишхонаси ва обрўси касбидан кўра муҳимроқ бўлиб қолган бир пайтда, у пул билан оғиз ёпишга уринади. Аммо охири кўринмаган бу ўйинда мағлубиятни тан олиб, орган ходимларига мурожаат қилади. Натижада аёл олти йилга панжара ортига равона бўлади, «қаҳрамонимиз» эса жабрланувчи ниқобида оппоқ бўлиб сувдан чиқади.
Аслида бу мақоланинг энг оғриқли нуқтаси ҳам шунда. Биз жиноятчи аёлни лаънатлаш билан оворамиз, лекин давлат ходими деган номни кўтариб юрган, ахлоқий инқирозга юз тутган, ўз нафсини жиловлай олмай давлатнинг ва оиласининг юзини ерга қаратган шахснинг «айбсизлиги» ҳақида сукут сақлаймиз. Агар ўша ходимнинг виждони пок, ҳаёти шаффоф бўлганида, уни ҳеч қандай видео билан тиз чўктириб бўлмас эди. Бу воқеада аёл ўз жазосини олди, лекин маънавий жиноятчи, хиёнаткор ва масъулиятсиз ходимнинг жамият олдидаги юзи қачон очилади? Бундай воқеаларнинг ОАВда бу қадар очиқ талқин қилиниши эса шунчаки «томоша» эмас, балки тизим ўз ичидаги иллатларни аёл кишининг тақдири орқали ёпишга бўлган уринишидек таассурот қолдирмоқда. Бугун битта шантажчи қамалди, лекин нафсига қул бўлган қанча «жабрланувчи» ходимлар ҳали ҳам иссиқ курсиларда ўтирибди?
