“Оч қолган кунларимиз ҳам бўлган” — Малика Қурбонова ўтмишини эслади

“Оч қолган кунларимиз ҳам бўлган” — Малика Қурбонова ўтмишини эслади

Ўзбекистонлик таниқли раққоса Малика Қурбонова болалигидаги қийинчиликлар, ота-онасининг тарбияси, турмуш ўртоғининг тақиқлари ҳамда нега узоқ вақт ижтимоий тармоқлардан узоқ бўлгани ҳақида гапирди. Бу ҳақда у Аёл қалби дастурида сўзлаб берди.

Раққосанинг айтишича, у зиёли оилада улғайган. Ота-онаси ўқитувчи бўлган, онаси эса хореографиядан дарс берган. Улар фарзандларига доим бир-бирини қўллаб-қувватлашни ўргатган.

Малика Қурбонова болалигида иқтисодий қийинчиликлар бўлганини яширмайди. Баъзан тўқ, баъзан оч қолган пайтлар бўлган, ойликдан ойликкача яшашган. Опаси бозорда ишлаб, оилага ёрдам берган. Унинг таъкидлашича, айнан шу қийинчиликлар инсонни тарбиялайди ва ҳаёт қадрини англатади.

У болалигида қиш фаслида оёқ кийимдан сув ўтмаслиги учун целлофан кийиб юрганини эслайди. Бу ҳолат соғлиғига ҳам таъсир қилиб, ревматизм касаллигига сабаб бўлган.

Бугун у фарзандларига барча шароитни яратиб берса ҳам, ортиқча эркаламасликка ҳаракат қилади. Бренд кийимларга ўргатмаслик, исрофгарчиликдан қочиш ва ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлишни муҳим деб ҳисоблайди.

Раққоса ҳаётидаги энг яқин инсон унинг опаси Муҳаббат Ғуломова эканини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, опаси ҳам маслаҳатчи, ҳам танқидчи, ҳам қўллаб-қувватловчи инсон.

Рақс унинг учун оддий касб эмас, балки онасининг орзусининг давомидир. Отаси аввал бу соҳада ишлашига қарши бўлган, аммо маълум шартлар билан рухсат берган. Онаси эса доим уни қўллаб-қувватлаган.

Малика Қурбонованинг турмуш ўртоғи шифокор бўлиб, қаттиққўл ва талабчан инсон. У саҳнада чиқишига рухсат берган, аммо тўйларда чиқишини тақиқлаган. Шунингдек, у фарзандларга кўпроқ эътибор беришни талаб қилади. Раққоса эса оилада муросани устун қўйишини айтади.

У узоқ вақт Instagram дан фойдаланмаган. Бу қарор турмуш ўртоғининг хоҳиши билан боғлиқ бўлган. Фақат сўнгги ойларда у ижтимоий тармоқда фаол бўла бошлаган. Шу билан бирга, у оиласини оммага кўрсатмаслик позициясида қолмоқда.

Малика Қурбонованинг ҳаёт йўли — сабр, меҳнат ва қадриятларга содиқлик намунасидир. Унинг ҳикояси қийинчиликлар инсонни кучли қилиши ва ҳаётдаги энг муҳим нарса — оила эканини яна бир бор исботлайди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: