Туркия — кўп авлодли оилавий саёҳат учун мукаммал манзил
Сўнгги саёҳат тенденциялари кўп авлодли дам олишларга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда. 2026 йилга оид маълумотларга кўра, сайёҳларнинг 31 фоизи бир нечта авлод вакилларини ўз ичига олган оила даврасида саёҳат қилишни режалаштирмоқда. З ва Й авлодлари эса бундай саёҳат турини кўпроқ афзал кўришмоқда: хусусан, З авлодига мансуб катталарнинг 51 фоизи ота-оналари билан бирга саёҳат қилишини билдирган. Кўплаб инсонлар учун оилавий саёҳатлар нафақат дам олиш, балки унутилмас хотиралар яратиш имконидир.
Туркия эса дунёнинг турли бурчакларидан тўғридан-тўғри авиақатновлар, мўътадил иқлими, шинам меҳмонхоналари ва барча ёшдагилар учун мос ранг-баранг имкониятлари билан оилавий саёҳатлар учун энг мақбул йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Бу ерда тарихий шаҳарлар, сокин қишлоқлар, бетакрор табиат ва бой маданият уйғунлашиб, ҳар бир сайёҳ учун ўзига хос тажриба яратади. Ёшлар фаол дам олишни танлаб, велосипед миниш, денгизга шўнғиш ёки қадимий ёдгорликларни кашф этишлари мумкин. Катта авлод вакиллари эса турк ҳамомида ҳордиқ чиқариб, миллий таомлар ва хушбўй турк чойидан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Белек — Анталиянинг жаннатмакон маскани
Оилавий саёҳатлар ҳақида гап кетганда, Турк Ривиераси ва унинг дурдонаси — Анталия ёдга тушади. Анталиядан атиги 20 дақиқалик масофада жойлашган Белек ўзининг мукаммал гольф майдонлари, болалар учун пухта ташкил этилган клубларга эга ҳашаматли меҳмонхоналари ҳамда кенг соҳиллари билан машҳур. Йилига қарийб 300 кун қуёшли бўладиган бу ҳудудда ҳатто 10 ой давомида гольф ўйнаш имконияти мавжуд. Бу ерда оилалар соҳил бўйида дам олиб, болалар билан “Aфсоналар диёри” кўнгилочар мажмуасида мароқли вақт ўтказишлари мумкин. Бундан ташқари, Сиде, Аспендос ва Перге каби қадимий шаҳарлар ҳам тарих ихлосманларида алоҳида қизиқиш уйғотади. Табиатни севувчилар Манавгат ва Куршунлу шаршараларидан завқ олсалар, саргузашт изловчилар Кўпрулу канёнида рафтинг қилиб ёки қайиқ саёҳатларида қатнашишлари мумкин.
Троя — бутун оила учун унутилмас саргузашт
Кўплаб оилаларни ўзига ром этадиган яна бир манзил —Чанаккале шаҳрида жойлашган ва ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган қадимги Троядир. Ушбу маскан ўн археологик қатламдан иборат бўлиб, беш минг йилдан ортиқ даврни ўз бағрида мужассам этган. Бу ерга келган ҳар бир киши ўтмиш билан юзлашгандек бўлади.
Троянинг Каз тоғларида, шунингдек, бир пайтлар Аристотел таълим берган қадимий Ассос шаҳри, Ешилюрт ва Адатепе каби сокин қишлоқларда сайр қилиш ўзгача завқ бағишлайди.
Урла — Эгей соҳилида гурме саёҳат маскани
Измирнинг марвариди Урла ҳар бир авлод вакилига мос ажойиб муҳити билан сайёҳларни ўзига жалб этади. Искеле маҳалласидаги қадимий тош бинолар ва мафтункор Эснаф кўчаси бу масканнинг жозибасини янада оширади. Дунёдаги энг қадимий зайтун мойи устахоналаридан бирига эга Клазоменаи ҳам айнан шу ерда жойлашган. Бу ерда ям-яшил узумзорлар бўйлаб сайр қилиш, мовий денгизда эса турли сув спортларидан завқ олиш мумкин.
Бурса — Усмонли мероси ва оилавий саргузаштлар маскани
Бурса тарих, табиат ва гастрономияни уйғунлаштирган ноёб манзилдир. Бир вақтлар Усмонли империясининг илк пойтахти бўлган бу шаҳар жорий йилда фатҳининг 700 йиллигини нишонламоқда ва бу унинг бой меросини кашф этиш учун айни муддаодир.
Шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари орасида муҳташам Улу жоме масжиди, Коза Ҳан каби тарихий карвонсаройлар ҳамда устида бозор жойлашган кўприклар алоҳида ўрин тутади.
Бурса, айниқса катта ёшдаги меҳмонлар учун мос бўлган термал сувлари билан машҳур. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг вақтинчалик мерос рўйхатига киритилган Аясофя жоме масжиди каби тарихий обидалари ва анъанавий чинни устахоналари билан эътиборни тортади. Ёшлар Изник кўлида каноэда сузишлари, катта авлод вакиллари эса кўл бўйида сокин сайр қилиб ҳордиқ чиқаришлари мумкин.
