ДИҚҚАТ, ФАВҚУЛОДДА ОГОҲЛАНТИРИШ: БУ «ЖОДУГАР» УСТОЗЛАРДАН ҚОЧИНГ!
Агар ҳаётингиз тинч ўтишини, миянгиз дам олишини ва келажакда «ҳеч ким» бўлиб юришни истасангиз, бу мақолани ҳозироқ ёпинг! Чунки гап таълим тизимидаги энг «хавфли» қатлам — исёнчи педагоглар ҳақида кетмоқда.
⚠️ УЛАРНИНГ АСОСИЙ «ЖИНОЯТЛАРИ»:
-
«Комфорт зона»нинг қотили: Бу устозлар шунчаки маъруза ўқимайди, улар аудиторияда ҳақиқий «қиёмат» ясайди! Сизни энг ширин мудроқдан, телефондаги бемаъно лента варақлашдан ва иссиққина «дангасалик уяси»дан суғуриб олади. Талабани тинч қўймайди: савол беради, фикрлашга мажбурлайди, мияни худди центрифугадек айлантиради.
-
Чанг босган қолипларнинг кушандаси: Улар аудиторияга кириб, эскирган, сарғайган конспектларни варақламайди. Аксинча, сизни реал ҳаётнинг шафқатсиз зарбаларига тайёрлайдиган «лайфхаклар» ва жанговар кўникмалар билан қуроллантиради. Улар — интеллектуал шторм! Кириб келиши билан димиққан хонада янги ҳаво пайдо бўлади.
-
«Идеал» тизимнинг душмани: Ахир «яхши» устоз қандай бўлиши керак? Жумбоқли терминлар билан бошни шишириб, «сув» ичириб юбориши, сессияда эса ўтилмаган мавзудан йиқитиши керак эмасми? Лекин бу «исёнчилар» сизни профессионал қилиб етиштиришни мақсад қилган. Қандай даҳшат!
🔥 НИМА УЧУН УЛАРДАН «УЗОҚ ЮРИШ» КЕРАК?
Чунки улар сизни шунчаки «дипломли ишсиз» эмас, балки ШАХС қилиб тарбиялайди. Улар берган билим туфайли:
-
Сиз диплом олганда «энди нима қиламан?» деб сарсон бўлмайсиз;
-
Иш берувчининг эшигида сарғайиб кутмайсиз, балки талаб қилинадиган кадр бўласиз;
-
Энг ёмони — сиз ҳам худди улар каби изланувчан, талабчан ва «ўзидан қониқмайдиган» янги авлодга айланасиз!
Бу жуда хавфли! Ахир сиз ҳозир энг «гўзал» даврдасиз:
Бемалол вақтни совурадиган;
Эртага бир тийинга қиммат мутахассис бўлиб хор бўладиган;
Билимсизлиги учун ҳар қандай эшикдан ҳайдаладиган «олтин» даврингиз!
📢 СЎНГГИ ОГОҲЛАНТИРИШ!
Агар дарсга кирганингизда устозингизнинг кўзида олов ёниб турган бўлса, у сиздан баҳо эмас, НАТИЖА талаб қилаётган бўлса — ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ! Улар сизни ҳақиқий ИНСОНГА айлантириб қўйиши ҳеч гап эмас.
Мендан айтиш, ўзингиздан кўринг. Кейин «бу устоз мени ҳаётга тайёрлаб қўйди, энди бемалол яшаяпман» деб нолиб юрманг!
Дарсда кўришамиз… Агар деразадан улоқтириб юбормасанглар, албатта!
Нуриддин Зиё
