Исо Масиҳ ҳайкалига тажовуз: ЦАХАЛ аскарлари қамалди
Ливанда Исо Масиҳ ҳайкалини болға билан уриб шикастлаганисроиллик аскар ва уни суратга олган шериги жанговар хизматдан четлатилиб, 30 суткага қамалди. Бу ҳақда Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ)га таяниб The Times of Israel хабар берди.
Ҳодиса христианлар яшайдиган Дебел қишлоғида юз берган. Воқе жойида аскар ва шеригидан ташқари яна олти нафар ҳарбий хизматчи бўлган. Улар “ҳодисанинг олдини олиш ёки бу ҳақда хабар бериш учун чора кўрмагани” таъкидланган. Маҳаллий аҳоли билан келишилган ҳолда ҳайкални алмаштириш ишлари бошланган.
“Суриштирув натижаси аскарларнинг хатти-ҳаракати Исроил мудофаа кучларининг буйруқлари ва қадриятларига мутлақо зид эканини кўрсатди”, дейилади ЦАХАЛ баёнотида.
Воқеага гувоҳ бўлган аскарлар тушунтириш суҳбатларига чақирилган. Уларга қўмондонлик даражасида қўшимча чоралар белгиланган.
“Тегишли ҳудудларга киришдан олдин аскарларга диний муассасалар ва рамзлар бўйича қатъий тушунтиришлар берилган эди ва ҳодисадан сўнг ҳудуддаги барча ҳарбийлар учун бу қоидалар яна кучайтирилади”, дейилади Исроил армияси баёнотида.
ЦАХАЛ бош штаби бошлиғи, генерал-лейтенант Эял Замир “ҳодисани қоралаб, бу йўл қўйиб бўлмайдиган хатти-ҳаракат ва маънавий тубанлик эканини” таъкидлаган.
