Хитойда ҳақиқий «қирғинбарот» бошланди!..
Дунёнинг энг йирик ижтимоий тармоқ бозорларидан бири бўлган Хитойда ҳақиқий «қирғинбарот» бошланди. Аммо бу сафар қуроллар эмас, алгоритмлар гапирмоқда. Пекин ҳукумати интернетда бойликни кўз-кўз қилишни (luxury lifestyle) расман таъқиқлади.
Бир ҳафта ичида минглаб постлар култепага айланди, 500 дан ортиқ йирик аккаунтлар мангуга блокланди. Ҳатто 100 миллионлаб кузатувчиси бор «виртуал гигантлар» бир кечада йўқ бўлиб кетди.
«Ижарага олинган» ҳаёт
Бизда 1 миллион аудиторияси бор блогернинг аккаунти блокланса, у дунёнинг охири келгандек ваҳимага тушади, телба бўлиб қола ёзади. Хитой эса бутун дунёга бир аччиқ ҳақиқатни исботлаб қўйди: Сизнинг аккаунтингиз қанчалик катта бўлмасин, сиз ҳеч қачон платформага эгалик қила олмайсиз!
Сиз ўзингизни миллионлаб одамларнинг «қалб соҳиби» деб ўйлайсизми? Аслида сиз шунчаки давлат назоратидаги рақамли инфратузилмадан кичик бир бурчакни ижарага олган ижарачисиз, холос. Ижара берувчи (Давлат) истаган пайтида қулфни алмаштириб қўйишга қодир.
Бойлик ўрнига — Ватанпарварлик
Хитой ҳукумати алгоритмларни шундай қайта созладики, энди ҳашаматли брендлар, қимматбаҳо машиналар ва олтин соатлар ҳақидаги контентлар «филтр»га тушади. Уларнинг ўрнини «оддий ҳаёт» ва ватанпарварлик руҳидаги видеолар эгаллади.
Энг қизиғи, кечагина олтин товоқда овқатланган инфлюенсерлар бир неча кун ичида «камтарин деҳқон» ёки «меҳнаткаш ишчи» образига кириб олишди. Мажбурият инсонни қандай тез ўзгартиришини кўринг!
Дилшода Матчонова
