Финляндия молиявий аҳволини “ўта оғир” деб баҳолади

Финляндия молиявий аҳволини “ўта оғир” деб баҳолади

Финляндия молия вазири Риикка Пурра мамлакат молиявий ҳолатини “ўта оғир” деб баҳолади. Бу ҳақда у ҳукуматнинг 2027–2030 йилларга мўлжалланган бюджетни қисқартириш режаси тақдим этилганидан сўнг маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 90 фоизга яқинлашмоқда. Шу билан бирга, мамлакат юқори ишсизлик, деярли нол иқтисодий ўсиш ва аҳолининг қариб бораётгани каби муаммоларга дуч келмоқда.

Пурра бизнесни қўллаб-қувватлаш учун янги чоралар жорий этиш самара бермаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, асосий вазифа — иқтисодий ўсиш учун шароит яратиш ва компанияларнинг мустақил фаолият юритишини таъминлаш.

Аввалроқ Финляндия ҳукумати 2027–2030 йилларга мўлжалланган молиявий режани маъқуллаган. Унга кўра, ижтимоий таъминот ва соғлиқни сақлаш харажатлари 240 миллион еврога, давлат бошқаруви харажатлари эса яна 60 миллион еврога қисқартирилади.

Тахминларга кўра, давлат бюджети тақчиллиги жорий ва келгуси йилда 13 миллиард евро атрофида сақланиб қолади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: