«Apple» iPad планшетлари линиясини қайта номлаш устида ишламоқда
«Apple» компанияси ўзининг асосий iPad планшетлари линиясини қайта номлаш устида ишламоқда. Маълумотларга кўра, навбатдаги базавий модель оддийгина iPad эмас, балки «iPad Neo» деб аталиши кутилмоқда. Бу ҳақда Iguides.ru хабар беради.
Компания аллақачон «A16» чипига эга версиядан бошлаб авлодларни рақамлаш тизимидан воз кечган эди. Бу фойдаланувчилар учун техник хусусиятларни тушунишни осонлаштирган бўлса-да, қурилманинг бозордаги ўрнини бироз чалкаштириб юборди.
«Apple» топ-менежерлари «MacBook Neo» ва «iPhone 16э» мисолида тушунтиришича, бренд энди рақамлардан кўра қисқа ва маҳсулот моҳиятини очиб берувчи номларга эътибор қаратади. Бу стратегия планшетлар линиясида ҳам қўлланилади.
Янги «iPad Neo» модели 2022 йилдаги дизайнни сақлаб қолиши, бироқ кучлироқ «A18» процессори билан жиҳозланиши тахмин қилинмоқда. Қурилманинг расмий тақдимоти июн ойида бўлиб ўтадиган «WWDC» конференциясида ўтказилиши мумкин.
