Эрон ТИВ раҳбари Ўмонга ташриф буюрди
Мамлакат ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Маскатга ташрифи доирасида Ўмон султони Ҳайсам бин Тариқ билан учрашди.
Эрон ТИВ баёнотига кўра, Ароқчи Ўмонга дипломатик жараёнларни қўллаб-қувватлагани ҳамда АҚШ ва Исроил томонидан Теҳронга қарши бошланган урушдаги эҳтиёткорона позицияси учун миннатдорлик билдирди. У минтақада Қўшма Штатлар ҳарбий иштироки фақат беқарорлик ва бўлинишга олиб келишини таъкидлаб, қўшни давлатларни Вашингтон аралашувидан холи бўлган коллектив хавфсизлик механизмларини яратишга чақирди.
Шунингдек, Ўмон султони уруш тезроқ ва узил-кесил тугашига ҳамда минтақада барқарорлик қайтишига умид билдириб, бу борада ҳар қандай ёрдамга тайёрлигини маълум қилди. Учрашув давомида, Ҳўрмуз бўғози ва Покистон воситачилигида давом этаётган музокаралар муҳокама қилинди.
