БАА ҳаво мудофааси Эрон дронларини йўқ қилди

БАА ҳаво мудофааси Эрон дронларини йўқ қилди

Бирлашган Араб Амирликларида хавфсизлик билан боғлиқ яна бир жиддий ҳолат қайд этилди. Мамлакат мудофаа тизимлари томонидан Эрондан учирилган икки дона учувчисиз учиш аппарати ўз вақтида аниқланиб, муваффақиятли равишда йўқ қилинди.

Бирлашган Араб Амирликлари Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса 10 май куни содир бўлган. Ҳаво мудофаа тизимлари таҳдидни тезкорлик билан бартараф этган ва бунинг натижасида ҳеч қандай қурбонлар ёки жароҳатлар қайд этилмаган. Шунингдек, ер усти инфратузилмасига ҳам зарар етмагани таъкидланган.

Расмийлар мамлакат хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш масаласи устувор аҳамиятга эга эканини қайд этиб, ҳар қандай таҳдидга қарши доимий равишда юқори жанговар шайлик сақланаётганини билдиришган.

Маълумотларга кўра, сўнгги вақтларда Эрон билан боғлиқ кескинлик кучайгани фонида БАА ҳаво мудофааси тизимлари катта ҳажмдаги ҳужумларни қайтарган. Жумладан, шу давр мобайнида 551 та баллистик ракета, 29 та қанотли ракета ва 2265 та дрон йўқ қилинган.

Шу билан бирга, ҳужумлар оқибатида турли миллат вакилларидан иборат 230 нафар инсон жароҳат олгани, ҳалок бўлганлар сони эса 13 нафарни ташкил этгани ҳам маълум қилинди.

Мутахассислар фикрича, бундай ҳолатлар минтақадаги геосиёсий вазиятнинг ҳали ҳам барқарор эмаслигини кўрсатмоқда. Шу боис хавфсизлик чоралари янада кучайтирилиши ва мудофаа тизимлари доимий равишда такомиллаштириб борилиши муҳим аҳамият касб этади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: