Эрдоған Исроилнинг Ғазога ёрдам олиб кетаётган флотилияга ҳужумини қоралади

Эрдоған Исроилнинг Ғазога ёрдам олиб кетаётган флотилияга ҳужумини қоралади

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Ғазога гуманитар ёрдам олиб кетаётган “Global Sumud Flotilla” флотилиясига қарши Исроил ҳаракатларини кескин қоралади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Маълум қилинишча, Анқарадаги чиқишида Эрдўған флотилия иштирокчиларини “умид саёҳатчилари” деб атаб, халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг ҳаракатларига қарши чора кўришга чақирган.

Флотилия ташкилотчилари маълумотига кўра, сешанба куни Исроил кучлари Ғазога йўл олган камида икки кемага қарата ўқ узган. Жонли эфирдан олинган видеоларда аскарларнинг кемалар томон ўқ узгани акс этган, аммо қандай турдаги қурол ишлатилгани аниқ эмас. Бошқа бир вакил эса жами олти кема ўққа тутилганини билдирган.

Ҳозирча жабрланганлар ҳақида расмий маълумот берилмаган.

Ташкилотчиларнинг айтишича, Исроил ҳарбий-денгиз кучлари Шарқий Ўрта ер денгизида флотилиянинг 44 та кемасини тўхтатган. Яна олти кема ҳаракатни давом эттирмоқда.

Исроил армияси ҳодиса юзасидан изоҳ беришдан бош тортган. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги эса аввалроқ Ғазога нисбатан “қонуний денгиз блокадаси” бузилишига йўл қўйилмаслигини билдирган эди.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг ҳаракатларини “қароқчилик акти” ва халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атади. Анқарага кўра, флотилия Ғазодаги гуманитар инқирозга эътибор қаратиш ҳамда ёрдам етказиш мақсадида йўлга чиққан.

Қайд этилишича, “Global Sumud Flotilla” Туркия жанубидан учинчи марта йўлга чиққан бўлиб, унда 39 давлатдан 426 киши иштирок этмоқда.

АҚШ Молия вазирлиги эса флотилия билан боғлиқ тўрт нафар шахсга қарши санкциялар жорий этганини маълум қилди. Вашингтон уларни “ҲАМАС тарафдори” деб баҳолаган.Фаластин тарафдори бўлган фаоллар эса Ғазага етиб бораётган гуманитар ёрдам ҳажми ҳали ҳам етарли эмаслигини таъкидламоқда. Ғазода 2 миллиондан ортиқ аҳолининг катта қисми уруш сабабли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: