Эрон терма жамоасининг базаси АҚШдан бошқа мамлакатга кўчирилди

Эрон терма жамоасининг базаси АҚШдан бошқа мамлакатга кўчирилди

Эрон футбол федерацияси раҳбари Меҳди Тожнинг маълум қилишича, миллий терма жамоанинг ўқув-машғулот йиғини АҚШдан Мексикага кўчирилган.

Бу хабар шуниси билан аҳамиятлики, федерация Эроннинг ўйинларини ҳам АҚШдан Мексикага ўтказишни режалаштирган эди, бироқ бу таклиф маъқулланмади. Шундай бўлса-да, база манзилининг ўзгариши виза билан боғлиқ муаммоларни қисман ҳал қилиши мумкин, чунки Эрон делегациясининг АҚШда бўлиш муддати сезиларли даражада қисқаради.

Тож шундай деди: «Биз АҚШ билан чегарада жойлашган Мексиканинг Тихуана шаҳридаги базада ўз йиғинимизни ўтказамиз. Бу ерда барча машғулот майдонлари, тренажёр зали, махсус ресторан ва бошқа қулайликлар мавжуд бўлиб, у жуда чиройли ва замонавий мажмуа ҳисобланади. Лос-Анжелесдаги иккита ўйинимизгача бўлган масофа 55 дақиқалик йўл бўлиб, Аризона штатининг Тусон шаҳридаги аввалги базамизга қараганда анча яқинроқ. Агар автобусда борсак, 3 соат-у 20 дақиқа вақт кетади. Сиэтлда бўлиб ўтадиган иккинчи ўйинимиз учун эса масофа Аризонанинг Тусон шаҳридан бориш билан айнан бир хил – 3 соатни ташкил қилади.

Ушбу ўзгариш туфайли виза ва шунга ўхшаш масалалар ортиқ муаммо туғдирмайди ва катта эҳтимол билан ҳал этилади. Чунки Эрон терма жамоаси тўғридан-тўғри Мексикага боради ва биз ҳатто «Iran Air» авиакомпанияси рейси орқали Мексикага учиб, ўша ердан қайтишимиз ҳам мумкин».

Дўстларингизга ҳам юборинг: