Бугун финал! Европа чемпионлар лигаси бу йилги соҳиби ким бўлиши мумкин? “Арсенал”—“ПСЖ” Чемпионлар Лигаси финали олдидан мулоҳазалар
2025/2026 йилги Европа футбол мавсуми ўзининг чўққисига етди. Чемпионлар Лигаси финалида амалдаги ғолиб — Парижнинг “ПСЖ” клуби ҳамда турнирда илк бор зафар қучишга интилаётган Лондоннинг “Арсенал” жамоалари тўқнаш келади. “Championat” портали ушбу финал олдидан мухлисларни қизиқтирадиган энг асосий жиҳатлар ва тарихий фактларни тўплаб тақдим этди.
“ПСЖ” «Реал» рекордини такрорлайдими?
Парижликлар ўтган мавсум ўз тарихида илк бор Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритган эди. Энди улар турнир тарихида (ЧЛ формати жорий этилгандан буён) кетма-кет икки марта зафар қучган иккинчи клубга айланиши мумкин. Бунгача ушбу натижа фақат Мадриднинг “Реал” клубига насиб этган: Зинедин Зидан шогирдлари 2015/2016 ва 2016/2017 йилларда чемпион бўлган, ҳатто 2018 йилда бу натижани уч карра такрорлаган. “ПСЖ” учун иккинчи кубок ҳам улкан ютуқ бўлади.

Англия “хет-трик” сари
Бу мавсум инглиз клублари учун муваффақиятли келди. “Астон Вилла” Европа Лигаси финалида “Фрайбург”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритди, “Кристал Пэлас” эса Конференциялар Лигасининг ҳал қилувчи ўйинида “Райо Вальекано”дан 1:0 ҳисобида устун келди. Энди “Арсенал”нинг ғалабаси Англия футболи учун бир мавсумда барча учта еврокубокни қўлга киритиш имконини беради.
“Арсенал” еттинчи чемпионлик ва тарихий дубль йўлида
“Арсенал” ғалаба қозонса, Англиянинг Чемпионлар Лигаси/Европа чемпионлари кубогини ютган еттинчи клубига айланади. Бунгача бу шарафга “Ливерпуль”, “Манчестер Юнайтед”, “Челси”, “Ноттингем Форест”, “Манчестер Сити” ва “Астон Вилла” эришган. Маълумот учун, лондонликлар 2006 йили ўзларининг ягона финалида “Барселона”га имкониятни бой бериб қўйишганди.
Бундан ташқари, Микель Артета ушбу совринни ютган еттинчи испаниялик мураббий бўлиши мумкин (рўйхатда Гвардиола, Вилялонга, Мунёс, дел Боске, Энрике ва Бенитес бор).
“Арсенал” 22 йиллик танаффусдан сўнг Англия чемпионлигини қўлга киритди ва энди клуб тарихида илк бор “олтин дубль” (чемпионат + ЙЧЛ) қилиш имкониятига эга.
“Арсенал” ҳимояси “ПСЖ” ҳужумини “бўғиб” қўя оладими?
Чемпионлар лигаси финали икки хил футбол фалсафаси тўқнашувига айланади: “ПСЖ”нинг шиддатли ва ёрқин ҳужумкор ўйини ҳамда “Арсенал”нинг прагматик ва ўта эҳтиёткор ҳимоя услуби. Парижликлар томошабинларни чиройли ўйин билан хушнуд этса, лондонликлар рақибнинг бор кучини сўриб олиб, уни чарчатиб қўяди. Услуб — бу дид масаласи, айниқса, АПЛдаги чемпионликдан сўнг “Арсенал”ни танқид қилиш қийин. Аммо бир нарса қизиқ: «ПСЖ” Артета жамоасининг мустаҳкам ҳимоя деворини ёриб ўта олармикан ёки «канонирлар» французларни ўз «ўйин қопқони»га тушириб оладими?

Артетанинг ҳужумдаги танлови
Микель Артетани финал олдидан ҳужум чизиғида жиддий бошқотирма кутмоқда. Букайо Саканинг асосий таркибдаги ўрни шубҳасиз, аммо қолган икки позиция учун баҳслар қизғин.
Чап қанот: Габриэль Мартинелли ва Леандро Троссард ўртасида танлов.
Марказ: Техник ва айёр Кай Ҳаверц ёки жисмонан бақувват ва тезкор Виктор Гёкереш.
Мураббийнинг қарори бир-бирига боғлиқ: агар марказда Дёкереш майдонга тушса, қанотда Троссардни кўришимиз эҳтимоли юқори. Агар “тўққизлик” вазифасини Ҳаверц бажарса, чап қанотда катта эҳтимол билан Мартинелли пайдо бўлади. Таъкидлаш жоизки, АПЛнинг сўнгги турларида Артета қанотда кўпроқ Троссардга ишонч билдирмоқда (сўнгги 4 ўйинда 3 марта асосий таркиб), Мартинелли эса фақат бир марта — аҳамияциз ўйинда бошланғич таркибда майдонга тушди.
Хвича Кварацхелия ЙЧЛ плей-оффининг энг яхшиси бўладими?
Кварацхелия жорий мусобақанинг плей-офф босқичида чинакамига ёндирмоқда! Грузиялик юлдуз 8 та ўйинда 7 та гол ва 3 та ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Унинг ажойиб спорт формаси “ПСЖ”нинг финалга чиқишида асосий омил бўлди. Агар Хвича “Арсенал”га қарши ўйинда ҳам жамоасини ортидан эргаштира олса, у плей-офф (ва умуман мавсум) энг яхшиси бўлиши шубҳасиз. У тўпурарлик пойгасида Мбаппе (15 гол) билан рақобатлашиши қийин, бироқ “гол+пас” тизимида (16 та фойдали ҳаракат) Мбаппе ва Ҳарри Кейн билан бирга пешқадамлик қилмоқда ва якка етакчига айланиши мумкин.
Матвей Сафонов “қуруқ ўйин” ва тарихий рекорд остонасида
“ПСЖ” дарвозабони жорий мавсум Чемпионлар Лигасида 10 та учрашув ўтказиб, 6 та ғалаба ва 4 та дуранг қайд этди. Унинг ҳисобида 4 та “қуруқ ўйин” мавжуд. Ҳатто гол ўтказиб юборган ўйинларида ҳам Матвей жамоасини бир неча бор қутқариб қолди: масалан, ярим финалда “Бавария”га қарши жавоб ўйинида (1:1) у 5 та сейв амалга оширди. Энг яхши кўрсаткичи эса Лондонда “Челси”га қарши 1/8 финал учрашувида (3:0) кузатилди — 9 та сейв.

Эндиликда Матвей “ПСЖ”га кетма-кет иккинчи бор Чемпионлар Лигаси кубогини ютишда ёрдам бериши мумкин. Агар финалда у гол ўтказмаса, бу икки карра янада қадрли бўлади. Бундан ташқари, Сафонов Европа чемпионлигини икки марта қўлга киритган тарихдаги илк россиялик футболчи бўлишга бир қадам қолди.
Финалда Сафоновнинг “Арсенал” посбони Девид Райя билан тўқнашуви алоҳида мавзу. Испаниялик дарвозабон кетма-кет уч мавсум АПЛда “Олтин қўлқоп” совринини қўлга киритмоқда ва жорий йил Чемпионлар Лигасида ҳам ўз даражасини кўрсатди. У 13 та ўйинда атиги 4 та гол ўтказди. Плей-офф босқичида айнан унинг сейвлари “Арсенал”ни қийин вазиятлардан сақлаб қолди: айниқса, сафарда “Спортинг” (1:0, 4 та сейв) ва “Атлетико”га (1:1, 5 та сейв) қарши ўйинлар жуда катта ёрдам берди.
Девид ҳисобида жами 9 та “қуруқ ўйин” бор. Финалда бизни икки кучли дарвозабоннинг тўқнашуви кутмоқда. Сафонов испаниялик рақибининг “қуруқ ўйинлар” бўйича натижасига ета олмаслиги аниқ, бироқ айнан финалда ўз фаолиятидаги энг яхши ўйинни кўрсатиши мумкин.
“Арсенал”нинг мағлубиятсиз мавсуми
Жорий мавсум Чемпионлар Лигасида “Арсенал” 14 та ўйин ўтказиб, бирор марта ҳам мағлубиятга учрамади: умумий босқичда 8 та ғалаба, плей-оффда эса “Байер”, “Спортинг” ва “Атлетико” устидан зафар қучди + 3 та дуранг. Агар Артета шогирдлари финалда “ПСЖ”ни таслим этса, улар турнирни “мағлубияциз” якунлайди. Қизиғи шундаки, “Арсенал”нинг турнирдаги сўнгги мағлубияти айнан 2025 йилнинг май ойида, ярим финалда “ПСЖ”дан қабул қилиб олинганди (0:1 ва 1:2).

Кадрлар масаласи: жароҳатлар кимни четда қолдиради?
Финал олдидан ҳар икки клубда ҳам таркиб борасида хавотирлар бор.
“ПСЖ”да Ашраф Ҳакими ва Усмон Дембеле иштироки сўроқ остида. L’Équipe маълумотига кўра, Ҳакими жамоавий машғулотларга қайтган бўлса-да, асосий таркибда чиқиши қийин. Дембеле болдир мушагидаги жароҳатдан сўнг индивидуал шуғулланмоқда, унинг атрофидагилар финалда сафда бўлишидан умидвор. Шунингдек, дарвозабон Люка Шевале умумий гуруҳга қайтган, аммо унинг қайдномага киритилиши номаълум.
“Арсенал”да Бен Уайт тизза пайлари жароҳати туфайли финални ўтказиб юбориши аниқ. Нони Мадуэке ва Юрриэн Тимбер иштироки ҳам сўроқ остида. Бироқ ижобий янгилик шундаки, инсайдер ҲандофАрсенал хабарига кўра, Тимбер жароҳатдан тикланиб, жамоа билан Будапештга йўл олади. Агар у 100 фоиз тайёр бўлмаса, Хвича Кварацхелияни тўхтатиш вазифаси Кристян Москерага юкланади.
Артетанинг ваъдаси ва Энрикенинг янги босқичга чиқиши
Микель Артета АПЛдаги ғалаба зиёфатида “шанба куни Европа чемпиони бўламиз”, деб ваъда берди. Бу видео тарқалиб кетгач, “Арсенал” ички текширув бошлади. Клубдагилар мураббийнинг сўзлари футболчиларга ишонч бағишлаш учун айтилганини таъкидласа-да, бу “ПСЖ”ни қўшимча мотивация билан майдонга чиқишга ундаши мумкинлигидан хавотирда.
Луис Энрике учун бу финал — тарихий имконият. Агар испаниялик мураббий ғалаба қозонса, у уч карра Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлган мураббийлар (Карло Анчелотти, Боб Пейсли, Зинедин Зидан ва Хосеп Гвардиола) сафига қўшилади ва ўзининг дўсти Пеп Гвардиола билан тенглашади.
Ҳакам кимга омад келтиради?
Чемпионлар Лигаси финалини немис ҳаками Даниэль Зиберт бошқариб боради. У жорий мавсумда ЕЧЛ доирасида 9 та учрашувда ишлаган, жумладан, “Арсенал”нинг «Спортинг» (1:0) ва “Атлетико” (1:0) устидан қозонган ғалабали ўйинларини, шунингдек, “ПСЖ”нинг “Атлетик Бильбао” билан дуранг (0:0) ўйинини бошқарган.

Даниэль Зиберт “Арсенал” учун ўта омадли ҳакам ҳисобланади: у бошқарган 4 ўйинда лондонликлар зафар қучган. Бунгача “канонирлар” унинг бошқарувида 2024/2025 йилги мавсумда Загребнинг “Динамо”си (3:0) ва Европа Лигаси 1/8 финалида “Олимпиакос” (3:1) устидан ғалаба қозонишган.
“ПСЖ” учун ҳам Даниэль “қулай” ҳакам саналади. Парижликлар у бошқарган учрашувларда 3 та ғалабани (“Жирона” — 1:0, “Маккаби Хайфа” — 3:1, “Брюгге” — 5:0) қўлга киритган. Финалда ушбу клублардан бири албатта мағлубиятга учрайди ва немис ҳакамининг статистикаси бузилади.
Маълумот учун, финал учрашуви бугун, 30 май куни Тошкент вақти билан 21:00 да Будапештда жойлашган “Пушкаш Арена”да бўлиб ўтади.
