Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси Озарбайжонда ўтказилаётган Туркий Дунё Ҳафталиги доирасида “Биринчи Туркология Қурултойи” номли фундаментал монографияни тақдим этди

Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси Озарбайжонда ўтказилаётган Туркий Дунё Ҳафталиги доирасида “Биринчи Туркология Қурултойи” номли фундаментал монографияни тақдим этди

2026-йил 30-июнь куни Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси қароргоҳида Туркий Дунё Ҳафталиги доирасида “Биринчи Туркология Қурултойи” номли илмий монографиянинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Академик Низомий Жафаров, профессор Маҳира Ҳусейнова ҳамда филология фанлари доктори Айсел Гарибли муаллифлигидаги мазкур нашр Жамғарма томонидан озарбайжон, қозоқ ва рус тилларида чоп этилди.

Таъкидлаш жоизки, Туркий Дунё Ҳафталиги Озарбайжон Республикаси Президенти Жаноби Олийлари Илҳом Алиевнинг 2025-йил 22-октябрдаги **“Биринчи Туркология Қурултойининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”**ги Фармонига мувофиқ ташкил этилмоқда. Шунингдек, Биринчи Туркология Қурултойининг 100 йиллигига бағишланган тадбирлар туркумини ўтказиш ташаббуси 2025-йил 7-октябрь куни Озарбайжон Республикасининг Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) Давлат раҳбарларининг XII саммитида аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган.

Монографияда 1926-йили Бокуда ўтказилган Биринчи Туркология Қурултойининг тарихий миссияси, унинг туркий халқларнинг илмий ва маданий тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳар томонлама ёритилган. Шунингдек, унда этнография, орфография, терминология, алифбо, тил ва адабиёт масалалари чуқур илмий таҳлил қилинган.

Тадбирнинг расмий қисмини Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси президенти, профессор Актоти Раимқулова очиб берди. У ўз нутқида Биринчи Туркология Қурултойи туркий халқларнинг умумий илмий ва маданий хотирасида алоҳида ўрин тутишини, тақдим этилган монография эса умумтуркий илмий тафаккур тараққиёти ҳамда бугунги кунда Туркий дунё бирлиги ва интеграциясини мустаҳкамлаётган ғояларни акс эттирувчи фундаментал илмий асар эканини таъкидлади.

Шундан сўнг Қозоғистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Малик Отарбаев, Озарбайжон Республикаси Маданият вазири маслаҳатчиси ва Озарбайжонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Орхан Фикратоғлу, Боку давлат университети Туркология факультети декани профессор Маҳаррам Маммадов, Боку давлат университети Озарбайжон тилшунослиги кафедраси мудири профессор Тофиқ Ҳожиев ҳамда “Ədəbiyyat qəzeti” газетаси бош муҳаррири Азер Туран сўзга чиқиб, монографиянинг илмий ва маданий аҳамияти ҳақида фикр билдирдилар.

Тадбир якунида монография муаллифлари — Озарбайжондаги Отатурк маркази директори, академик Низомий Жафаров, филология фанлари доктори, профессор Маҳира Ҳусейнова ҳамда филология фанлари доктори Айсел Гарибли нашр тарихий хотирани асраш, умумий маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва Туркий дунё илмий ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар. Шунингдек, улар китобдан ўрин олган қатор қизиқарли тарихий маълумотлар билан тадбир иштирокчиларини таништирдилар.

Бадиий дастур ёш ижрочи Атилла Гарибнинг “Оловлар юрти” қўшиғи билан бошланди. Шундан сўнг IX Муғом телекўрик-танлови финалчиси ҳамда “Йилнинг энг фаол ёшлари” мукофоти совриндори Юсиф Жафарбайли Саховат Маммадов (тор), Миҳир Гулиев (камонча) ва Лоқмон Маммадов (наққора) жўрлигида муғом ижро этди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур монография бундан аввал, 2026-йил 22-май куни Қозоғистон Республикаси Миллий кутубхонасида Биринчи Боку Туркология Қурултойининг 100 йиллигига бағишланган Жамғарманинг фундаментал илмий нашрлари тақдимоти доирасида ҳам кенг жамоатчиликка тақдим этилган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: