Франция, Нидерландия ва Белгияда июн ойидаги аномал иссиқ ҳаво оқибатида камида 3700 та ўлим ҳолати қайд этилди

Франция, Нидерландия ва Белгияда июн ойидаги аномал иссиқ ҳаво оқибатида камида 3700 та ўлим ҳолати қайд этилди

Расмийлар бу кўрсаткичлар дастлабки маълумотлар экани ва қурбонлар сони яна ортиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Экспертларнинг таъкидлашича, 20–28 июн кунлари кузатилган бу иссиқлик тўлқини Европа тарихидаги энг ёмони бўлди. Жазирама ҳаво туфайли электр энергияси ишлаб чиқаришда узилишлар бўлди, инфратузилма зарар кўрди ва соғлиқни сақлаш тизимига оғир юклама тушди. Олимларнинг фикрича, бундай аномал иссиққа глобал иқлим ўзгариши сабаб бўлган.

Франция соғлиқни сақлаш вазири Стефани Ристнинг айтишича, иссиқлик тўлқини пайтида мамлакатда 2025 та ўлим ҳолати қайд этилган. Айниқса, 45 ёшдан ошган фуқаролар ўртасида ўлим ҳолатлари кескин кўпайган.

Белгия Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотига кўра, 18–29 июн кунлари мамлакатда аномал иссиқ сабабли қарийб 1200 киши вафот этган. Қурбонларнинг 530 нафари 85 ёш ва ундан катта бўлган кишилардир. 65 ёшгача бўлганлар орасида эса 180 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Нидерландия расмийларининг маълум қилишича, аномал иссиқ ҳаво бу давлатда ҳам 480 га яқин кишининг ҳаётига зомин бўлган. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти 80 ёшдан ошган қариялардир.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: