Европа Арманистонга яқинлашмоқда

Европа Арманистонга яқинлашмоқда

Европа Иттифоқи Ереванни Россия томонидан кўрсатилаётган «иқтисодий босим» шароитида қўллаб-қувватлашини маълум қилди ва арманиялик экспортчилар учун ўз бозорини кенгроқ очмоқда.

Европа Иттифоқи Арманистон учун савдо имтиёзларини кенгайтиради ва мамлакат экспортининг қарийб 80 фоизини божсиз олиб кириш имконини яратади. Бу ҳақда Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Ереванда Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан учрашувдан сўнг маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Арманистон савдони мустаҳкамлаш ва диверсификация қилиш учун қўшимча 18 миллион евро олади. Брюссел, шунингдек, арман товарларининг Европа бозорига киришини сезиларли даражада енгиллаштирувчи автоном савдо чораларини таклиф қилди.

Фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, Ереван Россия томонидан «иқтисодий босим»га дуч келмоқда ва буни у «иқтисодий мажбурлаш» деб атади. Унинг айтишича, бундай шароитда Европа Иттифоқи ўз шерикларини қўллаб-қувватлашни янада кучайтиради.

Европа комиссияси раҳбари янги савдо тартиби Арманистонга аввал Россия бозорига йўналтирилган маҳсулотларни Европа Иттифоқи давлатларига қайта йўналтириш имконини беришини ҳам қайд этди. Гап, жумладан, мевалар, сабзавотлар, ўсимликлар, ичимликлар ва кучли алкоголли маҳсулотлар ҳақида бормоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: