Ўзбекистон MICE туризмни ривожлантиришда янги босқичга ўтмоқда

Ўзбекистон MICE туризмни ривожлантиришда янги босқичга ўтмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 июлдаги 373-сон қарори билан мамлакатда ишбилармонлик туризми (MICE туризм)ни ривожлантириш ва мазкур соҳада фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг янги механизми жорий этилди. Қарор мамлакатга хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, халқаро конференциялар, форумлар, кўргазмалар ва корпоратив тадбирларни Ўзбекистонда ўтказиш учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган.

Мазкур қарорга мувофиқ, республика ҳудудида MICE тадбирларини ташкил этган ва ушбу тадбирларда камида 100 нафар чет эллик иштирокчининг қатнашишини таъминлаган тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан муҳим молиявий қўллаб-қувватлаш чораси белгиланди. Энди уларга республика бюджетига ҳақиқатда тўланган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммасининг 50 фоизи қайтариб берилади. Бу эса йирик халқаро тадбирларни мамлакатимизга жалб қилишда муҳим рағбатлантирувчи омил бўлади.

Қарор билан ушбу имтиёздан фойдаланишнинг аниқ ва шаффоф тартиби ҳам тасдиқланди. Хусусан:

• MICE тадбирларини ташкил этувчи субъектларга қўйиладиган талаблар;
• мурожаат қилиш тартиби ва тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати;
• мурожаатларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш механизми;
• қайтариладиган маблағларни ҳисоблаш ҳамда уларни республика бюджети ҳисобидан молиялаштириш тартиби белгиланди.

Бугунги кунда MICE туризм дунё туризм индустриясининг энг юқори даромад келтирадиган йўналишларидан бири ҳисобланади. Ишбилармонлик тадбирлари иштирокчилари одатий туристларга нисбатан кўпроқ харажат қилиши, меҳмонхона, транспорт, умумий овқатланиш, маданий ва экскурсия хизматларидан кенг фойдаланиши билан аҳамиятлидир.

Янги қарор Ўзбекистоннинг халқаро конгресслар, бизнес-форумлар, инвестиция анжуманлари ва кўргазмаларни қабул қилувчи нуфузли минтақавий марказ сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса нафақат туризм соҳаси, балки меҳмонхона бизнеси, транспорт, хизмат кўрсатиш тармоқлари ва мамлакат иқтисодиётининг бошқа соҳалари ривожига ҳам янги суръат бағишлайди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: