Кореяга ишга юборишни ваъда қилган шахс қўлга олинди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Когон шаҳри бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Корея Республикасига ишга юбориш билан боғлиқ навбатдаги фирибгарлик ҳолати фош этилди.
Текширув материалларига кўра, фуқаро З.И. бошқа бир фуқаро Ш.И.нинг ишончига кириб, уни гўё юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали Кореяга ишга жойлаштиришини айтган.
Бу хизмат учун 8 минг АҚШ доллари талаб қилинган бўлиб, келишилган маблағдан 1 минг АҚШ доллари фирибгарлик йўли билан олинган.
Терговга қадар текширув давомида мазкур маблағ ҳисобидан 200 АҚШ доллари жабрланувчига қайтарилган. Пул маблағининг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилгани маълум қилинди.
Мазкур ҳолат юзасидан З.И.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
